Умумтаълим фанлари бўйича миллий тест тизими жорий қилинди

Умумтаълим фанлари бўйича миллий тест тизими жорий қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига (№646, 12.10.2020й) биноан, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йили қабулидан бошлаб тегишли умумтаълим фанини (чет тили бундан мустасно) билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл бериш тартиби жорий этилади;

Умумтаълим фанлари бўйича сертификатлаш қуйидаги муддатларда жорий этилади:

  • 2020 йил 1 декабрда она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти) ҳамда математика фанлари бўйича;
  • 2021 йил 1 февралда кимё ва биология фанлари бўйича;
  • 2022-2024 йилларда физика, география ва тарих фанлари бўйича.

Сертификат бериш учун тузиладиган тест саволлари Халқ таълими вазирлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан ишлаб чиқилади.

Сертификат бериш учун талабгордан ариза берилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов ундирилади.

Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.

Талабгор тест синовида қатнашиш учун Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтади ва шахсий кабинети орқали керакли ҳужжатларни юклайди.

Тест синови бланкаларда ёки компьютер (онлайн платформа)да ўтказилиши мумкин.

Сертификат тест синовидан ижобий натижага эришган талабгорга тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта мобайнида Давлат тест маркази директорининг буйруғи асосида электрон шаклда берилади. Талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин.