Мактаб фаррошлари синф хоналарни йиғиштириши керак эмасми?

Мактаб фаррошлари синф хоналарни йиғиштириши керак эмасми?

Мактаб ўқувчиларининг ўзларининг орқасидан синфини йиғиштириши учун навбатчилик ташкил қилиши ҳам болада ўзига хос тарбияни шакллантиради. Халқ таълими вазирлиги баъзи мактабларда синф хоналарни йиғиштириш учун ота-оналардан пул йиғилишига муносабат билдириб, шундай фикрни таъкидлади.

“Синфхоналарни ўқувчилар навбатчилик асосида тозалаши тавсия этилади. Жойларда эса баъзи ота-оналар фарзандлари синфхонани йиғиштиришини ҳоҳламагани учун фаррош ёллаб унга синфхонани йиғиштириши учун қўшимча маблағ тўлаш ҳоллари кузатилади. Яна шуни айтиш жоизки, болаларнинг ўзларининг орқасидан синфини йиғиштириши учун навбатчилик ташкил қилиши ҳам болада ўзига хос тарбияни шакллантиради. Бу эса болага эрта ёшдан ўзи ўтирган жойни тоза ва озода сақлаш, ўзининг орқасидан йиғиштириб юриш, бировнинг меҳнатини қадрлашни ўргатади. Шу сабабли болалар дарслардан кейин синфхонани йиғиштириш учун навбатчилик ташкил этиши мақсадга мувофиқ саналади”, дейди ХТВ Матбуот котиби Лайло Рустамова.

Қайд этилишича, мактабларда фаррошлар учун ажратилган штат бирлиги биноларнинг фойдаланиладиган ички қисми, шу жумладан хизмат хоналари, йўлаклар, зинапоялар, фаоллар зали ва спорт зал ҳамда ўқув синфлари майдонини тозаловчи фаррош лавозими ҳар 350 квадрат метр тозалаш майдони учун 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда киритилади.

Шунингдек, мактабда машғулотлар иккинчи сменада ҳам олиб борилганда, ушбу сменадаги ўқувчилар фойдаланадиган ҳар 350 кв.м. тозаланадиган майдон учун қўшимча 0,25 бирлик, узайтирилган кун гуруҳи мавжуд бўлганда эса, гуруҳга қатновчилар фойдаланадиган ҳар 350 кв.м. тозаланадиган майдонга 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда фаррош лавозими киритилади.