Тошкентда қозонхона раҳбарининг ноқонуний бизнеси фош қилинди

Тошкентда қозонхона раҳбарининг ноқонуний бизнеси фош қилинди

«Тошиссиққувати» ДУКга қарашли «Саноат Энергия» қозонхонаси 571 минг метр куб табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланган.

Бу ўртача 950 та хонадоннинг бир ойлик табиий газ истеъмоли ҳажмини ташкил этади.

Мазкур қозонхона орқали Сергели туманининг аҳолиси ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси (иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти) билан таъминланади.

«Саноат Энергия» қозонхонаси ижтимоий аҳамиятга эга бўлган стратегик объект бўлганлигини инобатга олиб, ушбу объектни бир маромда ишлашини таъминлаш мақсадида (бошқа ташкилотларни табиий газдан узган ҳолда) узлуксиз равишда табиий газ етказиб берилган.

Шунга қарамасдан, корхона раҳбари томонидан қозонхонага кириш газ қувурига қозонхонанинг газ ҳисобдонидан олдин ўзбошимчалик билан уланиб, қозонхона ҳудудидаги бинода табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланган ҳолда, оҳак ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилганлиги аниқланди.

Кўрик вақтида бинода жами 12 та (15 мм.лик учи букилган труба) ностандарт газ ёндиргичлари билан жиҳозланган, ўлчамлари 3х5 метр бўлган 2 та хумдонларда оҳак маҳсулоти тайёрланаётганлиги маълум бўлган.

Аниқланган ҳолат юзасидан «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали томонидан амалга оширилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жами 571,3 миллион сўм (571,3 минг куб метр табиий газ) зарар етказилганлиги аниқланиб, бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилган.