Хитой манзилга самолётдан ҳам тезроқ етиб борадиган поездни синовдан ўтказмоқда

Хитой манзилга самолётдан ҳам тезроқ етиб борадиган поездни синовдан ўтказмоқда

Хитой соатига 600 км тезлик билан ҳаракатлана оладиган поездни магнитли ёстиқда муваффақиятли синовдан ўтказди. Янги поезд прототипи ўтган йил май ойида Циндаода йиғилганди, ҳозир уни Шанхайда синовдан ўтказишмоқда.

Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, янги таркиб 1500 км.гача масофага сайр қилиш учун энг тезкор транспорт воситасига айланади. Пекин билан Шанхай ўртасидаги йўл худди шунча масофани ташкил этади. Янги поезд икки шаҳар ўртасидаги йўловчиларни 3,5 соатда кўзлаган манзилига етказиб қўйиши мумкин. Таққослаш учун: Пекиндан Шанхайга самолётда саёҳат қилиш учун аэропортдаги расмийлаштириш жараёнлари билан қўшиб ҳисоблаганда 4,5 соат вақт керак бўлади. Тезюрар поездда эса 5,5 соатда етиб борса бўлади.

Хитой матбуотининг ёзишича, темирйўл транспорти тезлигини ошириш учун навбатдаги қадам вакуумли поезд бўлади: бунда транспорт магнитли левитация шарофати билан ҳавоси чиқариб олинган қувур бўйлаб ҳаракатланади. Бундай таркиб соатига 1500 км (сониясига 416 м) билан ҳаракатлана олиши мумкин.

Товушдан тез ҳаракатланадиган поездни 2021 йил апрель ойида Чэнду (Сичуань) шаҳрида Жануби-ғарбий транспорт университети базасида синовдан ўтказиш режалаштирилмоқда, дея маълум қилди лойиҳа раҳбарларидан бири, профессор Чжан Вэйхуа.

Унинг сўзларига кўра, айнан вакуумли поездлар темирйўл келажаги саналади. Ҳозир Хитойдаги тезюрар поезд соатига 400 км тезлик билан ҳаракатланиши мумкин. Бироқ темирйўл транспорти учун энг юқори тезлик ҳисобланмиш 600 км/соатдан маглев ва вакуумли поезд технологиялари ёрдамида ўзиб кетиш режалаштирилмоқда, деб изоҳлайди мутахассис.