Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Туризм
  3. Жиззах воҳасидаги авлиёлар ва ислом таълимотини ривожлантиришга ҳисса қўшган зотларнинг зиёратгоҳ масканлари

Жиззах воҳасидаги авлиёлар ва ислом таълимотини ривожлантиришга ҳисса қўшган зотларнинг зиёратгоҳ масканлари

Cана : 14-08-2017   /   Туризм, Менинг саёҳатим   /   кўрилди: 798

Сулим Жиззах воҳасининг Зомин туманидаги зиёрат рекреацион ресурслар манзиллари ҳам халқимизнинг тарихий, қадим маънавий қадриятларини, улуғ уламолари, азиз авлиёлари ва уларнинг абадий қўним топган муқаддас қадамжоларини ҳозиргача асраб-авайлаб келаётганлигининг исботидир.

Айниқса, қайд қилинган кўплаб рекреация манзилгоҳларида шифобахш сувлар, қум ва балчиқларни тиббий жиҳатдан ўрганиш, қадимий қабристонлардаги ёзувларни, тарихий шахслар билан боғлиқ манбаларни мамлакатимиз, халқаро миқёсда реклама қилиш ҳам тадқиқотчилар, тарихчилар, ислом дини мутахассисларини, даъво-шифо излаб юрувчиларнинг оқимини кучайтиради.

Бу жойларнинг кўпи ўтмишда ном қолдирган амирлар, хонлар, ислом оламидаги машҳур авлиёлар, ислом таълимотини яратган олиму-фузалоларнинг номлари билан боғлиқ.

Хусусан, "Кўк тўнли ота” Зомин шаҳридан тоғ томонга 5 чақирим масофада жойлашган зиёратгоҳ. Хонақоҳда тўхташ жойи, ошхона тармоғи бор. Ёдгорлик таъмирланган. Деҳқончиликда кароматлар кўрсатган, "Меҳнат қилсанг ҳамма ерда ҳосил бўлади” шиорини тарқатган авлиё жойи бўлганлиги боис деҳқонлар кўпроқ зиёрат қилишади.

"Хўжаи Сароб ота” Пишағар қишлоғида жойлашган мазкур зиёратгоҳ боғдорчилик ва узумчилик бўйича машҳур боғбон, авлиё бўлган. Нақшбандия тариқатида ном чиқарган тарихий инсон. Маҳаллий аҳолини илм-маърифатга ўргатган шахс, Мавлоно Муҳаммад Пешоғорий яшаб ўтган.

"Хўжа Шоҳимардон Шердор” Туркман қишлоғидаги зиёратгоҳ. Ривоят қилишларича бу шахснинг авлоди ҳазрати Алига бориб тақалади. Ҳозирда "Хўжа Шоҳимардон Шердор” зиёратгоҳи сўлим булоқ атрофидаги кўкаламзор боғи ичида жойлашган.

"Парпи ота” Ялпоқбош қишлоғидаги Моргузар тоғлари орасида жойлашган мазкур зиёратгоҳ ривоятлар бўйича сўфийлик тариқатининг асосчиларидан бири, улуғ зот Абдуҳамид Ғаззолий қадами теккан дейилади манбаларда.

"Саййид Бурхониддин қилич” Бешкуби қишлоғида "Қилич Бурхониддин” номи билан машҳур Фарғона ҳукумдорининг ихтиёрий тахтдан воз кечиши ва унинг қабри Буюк Ипак йўли манзилгоҳларида эканлиги ҳақидаги маълумотлар бор. Иккита қабр бор. Иккаласи ҳам "Қилич Бурхониддин” ва Саййид Бурхониддин деб аталади.

"Хожа Қаҳҳор Вали” Зомин шаҳридаги масжид, хонақоҳ ва тош ёдгорликлар, масжид XV асрда қурилган, ҳозир қайта тикланган, 2000 ёшли тут дарахти бор, сўлим жой, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдураҳмон Жомий қадами теккан деган манбалар мавжуд.

"Арчамозор ота” Еттикечув қишлоғидаги Мулла Назар Вали қўйилган қабр, 1000 ёшдаги қабристон, арчазор, шифобахш булоқларга йил давомида зиёратчилар келишади.

"Қобилмозор” Қўшинтепа қишлоғида Амир Темур ва бошқа амир, хонлар қўшини тўхтаб дам олганлиги ҳақида маълумотлар бор. Қўшинтепа ҳақида Парижда мақола чиққан. Айтишларича раҳбарлар, бошлиқлар кўпроқ зиёратга келишади, бетакрор, сўлим жой ҳисобланади.

"Қум ота” Лайлак уя қишлоғида Мавлоно Лутфуллоҳ қабри жойлашган муқаддас зиёратгоҳ, қумлоқ бор, бу ерда бел оғриғи, бош оғриғи, тана-вужуд оғриғи, бод, оёқ оғриғига чалинганлар кўпроқ келишади, шифобахш булоқлар жойлашган ҳудуд сирасига киради.

"Парпи ойим” зиёратгоҳи Уволсой дарасида, Увол қишлоғида Моргузар тоғининг энг сўлим табиатли қишлоғи. Даранинг "Тойғанчиқ” деган жойида икки ярим қулоч узунликда тошга ўйиб ёзилган ёзувлар бор. Бу ёзувлар ҳали ўқилмаган, Туйруктош сирлилигича қолмоқда, ғорлар ҳам ўрганилмаган. Бу ердаги Парпиойим зиёратгоҳига бефарзандлар ва фарзанд сўрагувчилар кўп келишади. Бу жой Ҳофиз Таниш Мир Муҳаммад Бухорийнинг "Абдуллонома” асарида ҳам қайд қилинган.

"Қоплон ота” Бешбулоқ қишлоғида Қоплонтоғ бағридаги Бешбулоқ қишлоғи яшил табиат бағридаги жой. Бу ердаги қабрга ривоятлар бўйича ҳазрати Алининг лашкарида сопқон отувчи Аҳмад ибн Сайф Бурхониддин дафн қилинган. Шифобахш булоқ ёнида 1000 ёшли тут, тол дарахтлари бор. Тоғ қуйнида кўркам хонақоҳ ва бошқа иморатлар қурилиб обод қилинган.

"Пишағор ғори” Моргузарнинг шимолий ён бағрида Зилол тоғ сувли булоқ оқиб чиқади, кўкаламзор обод жой. Жилғалардаги сув шу ғорга келиб тўпланади ва оқиб чиқади. Тоғда экскурсия саёҳати учун жуда кўп табиий объектлар бор.

"Бешбулоқ ота” Пишағор қишлоғи устида Бешта булоқ бор. Маҳаллий аҳолининг ахборот беришича бешта булоқнинг суви беш хил шифобахшлик хусусиятларига эга. Республикамизнинг вилоятларидан одамлар келиб сувларидан олиб кетишади, булоқлар ёнида дам олишади.

 

Дилсўз Қосимова


dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!