Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Туризм
  3. Ўзбекистоннинг гўзал гўшалари: сизни кутаётган масканлар (3- қисм)

Ўзбекистоннинг гўзал гўшалари: сизни кутаётган масканлар (3- қисм)

Cана : 28-08-2017   /   Туризм, Видео, Диққатга сазовор жойлар   /   кўрилди: 9445

Ўзбекистон замини янгидан-янги сир-синоатлар, ҳайратомуз масканлар, афсоналар ва манзараларни тақдим этиб, бизни мафтун этишдан тинмайди. Ўзбекистоннинг гўзал гўшаларидан ясалган навбатдаги гулдастамиз нафақат очиқ табиат шайдоларини, балки шаҳарпарастларни ҳам ром этади – ахир шаҳарларда ҳам ўзгача нигоҳ ташлашга муносиб маконлар кўп.

1. Устюрт платоси

20 мест Устюрт 05 
Фото: Voxpopuli

Баъзи сайёҳлар Устюрт платосини Аризона (АҚШ)даги Ҳайкаллар водийсига ўхшатишади. Ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб, плато ҳудуди осмонида кўп маротаба номаълум учувчи жисмлар қайд этилган. Айрим олимлар бу ҳолатни 70–80 йилларда ушбу масканда амалга оширилган ер ости ядро портлашлари билан боғлашади (Устюрт ҳудудида  кимёвий қурол ва ундан ҳимоя воситаларини синашга мўлжалланган "Саккизинчи кимёвий ҳимоя станцияси” ҳарбий полигони фаолият юритган).

Устюрт майдонида 60 дан ортиқ қадимий одамлар тураргоҳи ва 1000 та атрофида меъморий ёдгорликлар – ибодатхоналар, йирик қабристонлар ва қўрғонлар аниқланган. 1983 йилда топилган тош ҳайкаллар Евроосиё материгидаги бу борадаги ягона ёдгорлик саналади –бўйи бир метрдан тўрт метргача келадиган 70 та эркак тош ҳайкали кунботарга қараб юзланади. Фақат қуш парвози баландлигидан кўринувчи "Устюрт ёйлари” тепаликлари бундан-да ҳайратланарли. Уларнинг узунлиги 900 метрни, баландлиги – бир метрдан бироз камроқни ташкил қилади. Бу тепаликларнинг қандай юзага келганлиги олимлар учун ҳалигача топишмоқ бўлиб келмоқда.

2. "УзБум” фабрикаси

01 УзБум 
Фото: Дамир Бакиров, Pr.uz

"УзБум” ("ЎзҚоғоз”) целлюлоза-қоғоз фабрикаси ўтган асрнинг 30- йилларида барпо этилган. Қачонлардир бу ҳудудда махфий порох заводи бўлган. Иншоотларнинг асосий қисми шўролар давридан сақланиб қолган ва қайсидир маънода мамлакатимиз тарихининг бутун бошли қатламини ўзида намоён этади. Октябрь тўнтаришидан олдин саноат бинолари ҳам сақланиб қолган. Бир пайтлар гуллаб-яшнаган корхонанинг ярим вайрона иморатлари, кўпдан буён ишлатилмай ётган жиҳозлар ва қадимий станоклар унутилишга маҳкум этилган давр муҳитини ёдга солади ва киши қалбида турфа ҳислар уйғотади.

"УзБум” Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган. 2018 йилда унинг ҳудудида бир қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Вақти келиб, бу ерда кичик саноат ҳудуди ташкил этилади.

3. Тўдакўл сув омбори (кўли)

20 мест тудакуль 
Фото: Agentika

Бухородан 30 км шарқда, бепоён чўл ўртасида, табиий равишда юзага келган сув омбори – Тўдакўл мавж уради. Кўл 1952 йилда, Зарафшон дарёсидаги тошқин оқибатида, Тўдакўл чўкмасига қараб йўналган дарё сувидан шаклланган.

Тўдакўлнинг суви шўр, бир қанча минераллар мавжудлиги сабабли аччиқроқ, лекин, шунга қарамай, унда лаққа, зоғорабалиқ, лешч каби балиқлар кўп учрайди. Сув ичгани кўл бўйига жайронлар, тулкилар, қуёнлар келади, кўплаб турдаги қушларни, ҳатто оқ қуш ва бирқозонларни ҳам учратиш мумкин. 2003 йилдан буён сув омбори ҳудуди "Аква-Тўдакўл” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси томонидан балиқ етиштириш ва овлаш учун ишлатилмоқда.

4. Қизилқум чўли

20 мест кызылкум 
Фото: Orient Mice

Қизилқум чўли Сирдарё ва Амударё, Орол денгизи ва Помир-Олтой ҳамда Тяньшань тоғ тизмалари оралиғида жойлашган. Чўлнинг қоқ марказида скафандр кийган инсонлар ва фазо кемаларининг тошга чизилган суратлари аниқланган. Қизилқумда туроноцератопс ("Турон шохли башараси”)нинг дунёдаги ягона қолдиқлари топилган (у сайёрамизда 96–65 млн йил олдин яшаган, оғирлиги бир тонна атрофидаги ўтхўр ҳайвон бўлган).

Бошқа тадқиқотлар тасдиқлашларича, Қизилқумда ундан ҳам йирик ўтхўр – 100 тоннагача бўлган гигантозавр ҳам яшаган. Чўлнинг жануби-ғарбида сайёрамиздаги энг йирик олтин конларидан бири – Мурунтов карьери жойлашган (бу ерда йилига 50 тонна олтин қазиб олинади).

5. Хожаи пок ғори

20 мест ходжайпак 
Фото: http://extremal.uz

Агар тор макондан қўрқиш сизга ёт бўлса, Хожаи пок ғорларига қилган ташрифингиз ҳаётингизнинг унутилмас лаҳзаларига айланади. 220 м.га чўзилган ғорда кенг заллар ҳам, ўта тор даҳлизлар ҳам мавжуд, ғор деворлари олтингугуртли сув сабабли кучли емирилишга учраган. Деворлардан сизиб чиққан булоқлар ғор туби бўйлаб оқиб борувчи жилғани ҳосил қилган, у ўз йўлида чўмилиш имконини берувчи бир қанча ҳавзаларга ҳам эга.

Ичкарига кириб борилгани сари олтингугурт ҳиди ва ҳарорат кучайиб боради, шу сабабли, 50 метрдан ичкарига кириш сайёҳларга тавсия этилмайди. Ғорга сафар уюштиришдан олдин тайёргарлик кўриб олиш лозим – каска ва фонарлар, сув ва нон, аккумулятор, зарур дориларни олиш керак. Ғор бўйлаб ҳаракатланиш йўлини қандай қилиб бўлмасин, белгилаб бориш талаб этилади. Хожаи пок ғори Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида, туман марказидан 55 км шимоли-ғарбда, Хожаи пок дарёси водийсида жойлашган.

6. Ҳисор қўриқхонаси

20 мест гиссарский Фото: Meros.uz

Ўзбекистоннинг энг йирик қўриқхонаси, 1983 йилда Мироқи ва Қизилсув қўриқхоналарининг бирлаштирилиши натижасида юзага келган, майдони 90 минг гектар атрофида. Буерда респубикадаги энг йирик Северцов музлиги жойлашган.

Ҳисор қўриқхонаси ўзининг салқин ҳавоси билан машҳур – ёзнинг чилласида ҳам тоғли қўриқхонада ҳарорат  15-20 даражага пастроқ бўлади, баъзида, ҳатто, қор ҳам ёғади. Қўриқхонанинг флораси Ўзбекистон тоғлари учун табиий манзарага эга – арча, дўлана, зирк, наъматак, нок ва олмалар, шумтол, заранг, четан дарахтлари ўсади. Фауна эса, бу ерда турфа хилда – балиқлардан форель ва маринкани, 169 турдаги қушларни, 19 турдаги сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшовчиларни ва 28 турдаги сут эмизувчиларни учратиш мумкин.

Уларнинг кўплари, масалан, Эрон қундузи, Туркистон силовсини, оқтирноқли айиқ, митти бургут, бургут, қумой, қор барси ва бошқалар Қизил китобга киритилган. Ҳазрат Султон тоғи, динозаврларнинг тош қотган излари, Сувтушар шаршараси, Темур ғори, Зормас ва Қалъасой даралари каби сайёҳлик масканлари ва бошқа ажойиб жойлар қўриқхона меҳмонлари учун ёқимли бонус бўлади! Қўриқхонага киришдан олдин Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидан рухсат олиш керак бўлади.

7. Кампиртепа

20 мест кампыр 02 
Фото: uzbekistan.travel

Кампиртепа Амудёранинг ўнг қирғоғида, эрамиздан аввалги IV асрда барпо этилган шаҳар бўлган. Аввал-бошда бу жойга дарёдан кечувга хизмат кўрсатиш учун асос солинган бўлиб, Буюк ипак йўли карвонлари учун дам олиш ва молларни нариги қирғоққа ўтказиш маскани бўлган. Кейинроқ, эрамизнинг I асрида Канишка ҳукмронлигининг гуллаб-яшнаган даврида, маданият ва савдо-сотиқ ривожланиши учун жуда қулай шароитлар яратилган.

Қазиш ишлари давомида топилган, турли динларнинг 30дан зиёд маъбудлари сурати туширилган тангалар, Бақтрия папируслари ва турли ҳайкалчалар Кампиртепада турли-туман келиб чиқишга эга аҳоли яшаганлигини кўрсатади. Бу ерда топилган бутхона эса, зардуштийликка хос архитектурага эга бўлган. Кампиртепа – бу очиқ осмон остидаги ҳақиқий музей, у ерда икки минг йиллик тарихга эга деворларга тегиниш мумкин. Шаҳарча Термиз (Сурхондарё вилояти)дан 30 км шимоли-ғарбда жойлашган.

8. Сармишсой дараси

20 мест сармыш 20 Фото: Туристер.Ру

Бу дарада қадимий одамлар неолит давридан истиқмот қилганлар, деган фикр юради. Сармишсой яшаш учун жуда қулай табиий шароитга эга бўлган – кўплаб ғорлар, тоғ суви, бой фауна. Бу ер петроглифларнинг ўзига хос "бадиий галереяси” мавжуд – уларнинг энг қадимийлари неолит даврига тегишли бўлса, энг сўнгилари ўрта асрларга тааллуқли. Бундай кичик майдонда, турли даврларда туширилган бунчалик кўп қоя суратлари дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида учрамайди. Сармишсой "галерея”сининг узунлиги деярли 2 км, дара бўйлаб сочилиб ётган тўрт мингта (баъзи маълумотларга кўра, 10 мингта) петроглифнинг ҳар бири ноёбдир.

Суратларнинг баъзилари қора базальтга туширилган, бошқалари охра билан чизилган. Икки бошли ёки скафандр кийган одамчалар суратлари айниқса қизиқарли, улар маҳаллий аҳоли орасида қадимий одамларнинг ўзга сайёраликлар билан алоқаси ҳақидаги афсоналарига сабаб бўлган. Дара Нурота тоғ тизмасининг жанубий ёнбағрида, Навоий шаҳридан 35 км шимоли-шарқда, 5000 гектар майдонга эга тарихий-маданий ва табиат-ландшафт музей-қўриқхонаси ҳудудида жойлашган.

9. Тупроққалъа шаҳарчаси

20 мест топрак кала 50 
Фото: SmilePlanet

Эрамизнинг III–VI асрларига оид ажойиб қадимий шаҳарча. Тупроққалъа қадимий даврда ва Африғийлар ҳукмронлигида Хоразмнинг пойтахти бўлган, деб ҳисобланади. Археологик қазиш ишлари ва Сергей Толстов раҳбарлигидаги тадқиқотлар (1938 йил) бир-бирига уланган даҳлизлар, минораларга эга муҳофаза девори билан ўралган шаҳар қолдиқларини дунёга намойиш этди. Шаҳарнинг ўзи тўғри тўртбурчак шаклга эга бўлиб, йўллар уни 10 та мавзега бўлган.

Мустаҳкам шаҳар дарвозасидан бошланадиган асосий кўча Олов ибодатхонасига олиб борган. 40 метрлик баландликка эга сарой тахминан 150 та хона ва турфа хил заллардан иборат бўлган, улар орасида "Раққос ниқоблар зали”, "Жангчилар зали”, "Буғулар зали”, "Ғалабалар зали” ва бошқа ғаройиб номли заллар бўлган. Сарой деворларига нозик дид билан нақш берилган ва барельефлар, буғу ва қўй шохлари, тасвирий суратлар билан безатилган. "Раққос ниқоблар зали” саройнинг бош мақдиси – сув ва ҳосилдорлик маъбудаси Анахита ибодатхонаси саналган.

10. Катта Товоқсой шаршараси

20 мест таваксай0 
Фото: fotokto.ru

Маҳаллий Гранд-Канъон – бир қанча шаршараларга эга Товоқсой дараси пойтахтдан атиги 50 км нарида, Қозоғистон билан чегарага яқин жойда жойлашган. Даранинг баланд, тик қоялари ҳақиқатан улуғвор кўринади, жарангдор ва туманли катта Товоқсой шаршараси эса, юракни жўшқинроқ уришга мажбур қилади. Сув 40 метрлар чамаси баландликдан дара тубига жадаллик билан қуйилади, йўлида эса тошларга урилиб, майда сув парчаларига айланади.

Ўзбекистондаги энг катта Товоқсой шаршараси жойлашган Товоқсой дарасига Товоқсой посёлкасидан Товоқсой дарёси бўйлаб икки-уч соат яёв юриб етиб олса бўлади. Товоқсой посёлкасига эса, электричка қатнайди, бекатнинг номи… тўппа-тўғри, Товоқсой.

11. Зурмала буда ҳовончаси

 
Фото: travelharmony.co.jp

Ўзбекистон ҳудудида бир қанча будда маданияти ёдгорликлари сақланиб қолган. Улардан бири – Сурхондарё вилояти, эски Термиз яқинидаги 12 метрли Зурмала ҳовончасидир. Минора эрамизнинг I–II асрларида, Кушон қироллигининг гуллаб-яшнаган даврида қурилган, ўша даврларда буддизм Марказий Осиёга кира бошлаганди. Ҳовонча Будданинг ўлими ва дафн этилганлигини англатади. Унинг ташқи кўриниши дастлабки ҳолатидан кескин фарқ қилса ҳам, у диний аҳамиятга эга.

Тасаввурга эрк берсангиз, "фахр соябони”ли қуббали томни, ёрқин қизил рангга бўялган деворларни, оқ тошли плиталар билан безатилган шоҳсупани кўз олдимизга келтиришингиз мумкин. Иморатнинг юқори қисмида жойлашган хонада эса, муқаддас матнлар ва ҳайкалчалар сақланган дея тахмин қилинади.

12. Туз шифохонаси – Хўжаикон

20 мест солелечебница 02 
Фото: «Таинственный Узбекистан»

Хўжаикон тузли шифобахш ғори Кўҳитанг тоғи ёнбағрида, Шеробод тумани (Сурхондарё вилояти) Чорбоғ посёлкасида жой олган. У табиий келиб чиқишга эга эмас, балки тузли монолитда нафас йўли касалликларини даволаш учун махсус ўйиб ишланган бўлиб, собиқ иттифоқдаги бешта ғорли шифохоналарнинг бири бўлган. Бу ноёб муҳандислик иншооти галерея ва бешта хонадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос микроиқлимга эга.

Ғор деворлари 1–3 см.ли туз қатлами билан тўлиқ қопланган. Хўжаикон ғорининг умумий узунлиги – 144 м, хоналар майдони – тахминан 965 кв.м, тузлар ва микроэлементларга бой минерал сув булоғи мавжуд, ғор устунларида эса катта туз сталактитлари юзага келади. Шифохона ҳаводаги туз миқдорининг кўплиги, унинг оптимал намликка ва ҳароратга (17–21° С) ва ниҳоятда паст бактериал фаолликка эгалиги билан нодир саналади.

Ғор охирида кузатув майдонига чиқилади, у ердан туз тоғлар ва кўлларни томоша қилиш мумкин.

13. Чор чинор

20 мест чор чинор 
Фото: http://eleonoreeverywhere.com

Ургут қадимий шаҳри Самарқанддан 50 км нарида жойлашган бўлиб, Чор чинор (Тўрт чинор) боғида ўсувчи қадимий чинорлари билан машҳур. Афсоналарга кўра, қадимда куч-қувватга тўла баҳодир ёвуз руҳлардан сеҳрли тошни ўғрилайди ва шу ерда қолдиради, кейин шу кунгача боғни кўкартириб келаётган булоқни очади.

У тўрт туп чинор кўчатини экади, улардан ажойиб боғ ҳосил бўлади. Бу ердаги энг қадимий даратхтга минг йилдан ошади, унинг юбаҳайбат танасида музей ташкил қилинган. Шунингдек, боғ ҳудудида ХХ аср аввалида қурилган масжид ҳам бор.

14. Возрождение ороли

1438369566_18469599 
Фото: Poleteli.ru

Ҳозирги кўринишда уни ярим орол десак тўғрироқ бўлади. Орол Бутаков экспедицияси томонидан 1848 йилда кашф этилган бўлиб, "Подшоҳ Николай I ороли” деб ном берилган. 1942 йилдан бошлаб, 50 йил давомида. То собиқ шўро иттифоқи парчаланиб кетгунига қадар, оролда "Бархан” ҳарбий биокимёвий полигони мавжуд бўлган, у ерда ит, маймун, каламуш, қўй ва отларда бактериологик қурол синовлари фаол ўтказилган.

1988 йилда, йирик халқаро жанжалдан қутулиб қолиш мақсадида, шўролар иттифоқи Возрождение оролини куйдирги қўзғатувчи хавфли био-агент учун "қабристон”га айлантиради – оролга мутлақо махфий суратда тонналаб (зангламайдиган пўлат контейнерларда 24 вагон) хавфли модда келтирилади ва оролдаги ўн битта "қабр”га кўмилади.

Иттифоқ парчаланиб кетгач, ҳарбийлар, уларнинг оилалари ва лабораториялардаги жиҳозларнинг катта қисми Киров шаҳрига кўчирилди. 2000 йилларда Ўзбекистон томонидан Возрождение оролига "қабр”ларнинг хавфлилик даражасини ўрганиш учун таклиф этилган америкалик ҳарбий бактериологлар, ўтказилган дезинфекция чораларига қарамай, тупроқ қатламларида ҳали ҳам Bacillus anthracis вируси борлигини аниқладилар. Шу сабабли, Возрождение оролига келишда профессионал гид хизматидан фойдаланган маъқул.

15. Билдирсойнинг 12 мармар ҳовузлари

20 мест 12 02 
Фото: uzbekistan.climberca.com

Билдирсой атрофида ғаройиб маскан бор – сой суви катта тошни ўйиб ҳосил қилган 12 та ҳовузча табиий қудрат қаршисида ожизона сукут сақлашга мажбур қилади. Сувнинг оқишига тинимсиз қараб ўтириш мумкинлиги ёдингизга тушгач, асрлар давомида тоғ сойи силлиқлаб жило берган табиий бассейнларнинг бирига шўнғийсиз.

Кейинги йилларда  ҳовузлар атрофида сайёҳларни кўп учратиш мумкин. Табиатнинг бу 12 мўъжизасига Билдирсой дам олиш зонасидан, сўқмоқ бўйлаб икки соат шошмай юришда етиб олса бўлади.

16. Ғовур қалъа

20 мест гяур 06 
Фото: https://www.tourister.ru

Қазилмалар давомида аниқланган кўп сонли оташпарастлик ўчоқлари қалъа аҳолиси зардуштийлар бўлганлигини кўрсатади. Қалъанинг бунёд этилиши эрамиздан аввалги IV асрга тааллуқли. Хоразмда жойлашган Ғовур қалъада камида иккита ички қалъа бўлган, уларнинг деворлари жуда баланд – 10 метрга етган. Улар ҳозирда ҳам, уфқдан осмонга бўй чўзиб, текисликни ҳимоя қилаётгандек, гўё.

Ички қалъалардан бирининг вайроналаридан биноларнинг бой ички безаклари ва дабдаба буюмлари – тахтнинг безаклари, аёллар тақинчоқлари, зарбоф матолар топилган. Ғовур қалъадаги иккинчи ички қалъа, афтидан, ибодатхона вазифасини ўтаган.

Бу қалъа аҳолиси жасурлиги билан машҳур бўлган – улар мўғуллар босқинига қарши қаҳрамонона жанг қилишган ва фақат 1220 йилда, Чингизхон катта ўғли Жўчи уларни енга олди ва қалъани ер юзидан супуриб ташлашни буюрди. Лекин, кўриб турибмизки, бунинг уддасидан чиқа олмади!

17. Сайфуддин Боҳарзий мақбараси

20 мест мавзолей 03 
Фото: agentika.com

Мақбара XIII асрда барпо этилган меъморий мажмуа таркибига киради ва тасаввуф аҳли ичида катта ҳурматга сазовор. Шайх Сайфуддин Боҳарзий халқ ҳурматидаги инсон бўлиб, "дунё шайхи” унвонига эга эди. Мўғуллар босқини даврида у босқинчи мўғулларга таъсир кўрсата олган ва улардан кўпчилиги келгусида исломни қабул қилиб, мадраса ва масжидлар қурилишига ҳомийлик қилган.

"Дунё шайхи”нинг камтарона аммо улуғвор мақбараси "соддаликдаги гўзаллиги” билан мафтун этади. Бино қурилишида асосий урғу ғиштларнинг ғайриоддий терилишига берилган. Иншоотда таъмирланган нақш ёки мозаикалар йўқ. Сафуддин Боҳарзий мақбараси ўта мураккаб архитектоникага эга нодир ёдгорлик-мақбалардан бири ҳисобланади. Бу эса, Ўрта асрлар меъморчилиги учун ноёб ҳодиса.

Мақбарада бир нечта хоналар бўлиб, улар қаторида бевосита қабр жойлашган хона, таҳоратхона мавжуд. Сайфуддин Боҳарзий мақбараси Бухоро шарқидаги Фатҳобод масканида жойлашган, у ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Ўзбекистоннинг гўзал гўшаларининг аввалги тўпламлари билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишинг: 1- қисм ва 2- қисм.

Превью фотоси: Voxpopuli.kz

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!