Жиноий тўда қўлга олинди

"Букрини гўр тузатар”, деганларидек, баъзи кимсаларнинг қора қилмишларини эшитиб ҳайрон қоласан, киши. Бир неча марта қамалиб чиққан, тавба-тазарру қилган фуқароларнинг яна жиноят кўчасига кириб қолаётганлиги ачинарли ҳолат. Давлатимиз инсонпарварлик қилиб, уларни оиласи бағрига қайтариб, яхши яшаши учун имконият берсада, бундай ношукурлар яна эски "касби”ни қўмсаб қолаяпти. Лекин улар бир ҳақиқатни англаб етмаяптилар. Халқимиз бежизга "Ҳар ким экканини ўради” демаган. Арпа эккан арпа, буғдой эккан буғдой ўради. Яхшиликка яхшилик, ёмонлиққа ёмонлиқ. Хуллас, жиноятчига жазо муқаррар.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Бахмал туман  судининг ҳукмига биноан суднинг қора курсисида қилмишидан минг пушаймон бўлиб бошини чангаллаб ўтирган жиноий тўда аъзолари Одил Тожиевга 14 йил, Қаҳрамон Худоёров, Отабек Қорабоев, Усмонали Ваисов, Жамолиддин Тошпўлатовларга 13 йилдан қамоқ жазоси тайинланди.

Одил Тожиев 1973 йил Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. Уч нафар фарзанди бор. У икки марта оғуфурушлик билан шуғулланиб судланган ва тегишли жазога тортилган. 2008 йилда давлатимизнинг инсонпарварлигидан баҳраманд бўлиб, амнистияга биноан қамоқдан озод этилганди. Афсуски, у яна қора қилмишини бошлади. У ўзига жиноий шерикликка бахмаллик йигитларни танлади. 1982 йилда Бахмал туманида туғилган Қаҳрамон Худоёров, Жамолиддин Тошпўлатов, 1989 йилда туғилган Отабек Қорабоев, 1975 йилда туғилган Усмонали Ваисовлар Одил Тожиев ва Тожикистон Республикаси фуқаролари  Орзиқул ҳамда Мухторов Расул Топинович исмли шахслар билан ўзаро тил бириктириб, Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига контрабанда йўли билан гиёҳвандлик воситаларини ўтказиб келишган.

   Одил Тожиев 2016 йилнинг февраль ойида У.Ваисов билан Қ.Худоёровга 4800 АҚШ доллари эвазига 1,5 килограмм "Опий” гиёҳвандлик воситаси топиб келишни буюради. Улар бу ишга О.Қорабоевни ҳам жалб этишади. Уччовлон Тожикистон Республикаси фуқароси Орзиқул исмли шахсдан 4600 АҚШ долларига 1,5 килограмм заҳри қотилни сотиб олиб,  Бахмал тумани ҳудудан ўтган "ўзбек-тожик” давлат чегараси яқинидаги айланма йўллар билан уйларига етиб олишади. Шу куни гиёҳвандлик моддасини қадоқлаб, О.Тожиевнинг қўлига топширишади.

Оғуфурушликда устаси фаранг бўлиб кетган О.Тожиев ўзининг бошқарувидаги 30Р744ЕА рақамли "CAPTIVA” русумли автомашинасида қўлга киритган "ўлжа”сини Ургутга олиб кетади. У "Опий”нинг бир қисмини ўзи истеъмол қилиб, қолган қисмини Туркманистон Республикасида яшовчи "Байрам” исмли кимсага Хоразм вилоятининг Шовот туманида 5000 АҚШ долларига пуллайди.

Жиноятчилар кейинги сафар 1 килограмм оғунинг савдосини пишитишади. Одил Тожиев шерикларига 2700 АҚШ доллари бериб, 1 килограмм "Опий”га буюртма беради. У.Ваисов, Қ.Худоёров ва О.Қорабоевлар яна олди-сотди режасини хамирдан қил суғургандек, силлиққина бажаришади. Гиёҳванд моддасини қўлга киритган О.Тожиев Ургутда унга харидор топади.

Нафси  ҳакалак отган Одил Тожиев 2016 йилнинг декабрь ойида  жиноий шериклари У.Ваисов ва Қ.Худоёровга 9000 АҚШ доллари бериб, унга зудлик билан 2 килограмм "Опий” гиёҳвандлик моддаси топиб келишни буюради. Улар бу ишга Жамолиддин Тошпўлатовни ҳам шерик қилишади. Жамолиддин Тожикистон Республикасида яшовчи Мухторов Расул Топинович исмли таниши орқали 4 килограмм 441,42 грамм "Опий” моддасини 7400 АҚШ долларига сотиб олади. Тожикистонлик "меҳмон”  қора дорини яширин жойда қолдириб кетади. Ўлжани қўлга киритган Ж.Тошпўлатов 10,25 грамм гиёҳвандлик воситасини ўзи истеъмол қилиш учун олиб қолиб, қолганини Қаҳрамон Худоёровга етказади.  У.Ваисов билан Қ.Худоёров 2 килограмм 431,84 грамм оғуни кейинчалик О.Тожиевга етказиб бериш мақсадида Қ.Худоёровнинг ёрдамчи хўжалигига кўмиб қўйишади. У.Ваисов 2,6 грамм гиёҳни истеъмол қилиш учун олиб қолади. Улар 2017 йилнинг 10 январь куни 1 килограмм 966,73 грамм "Опий”ни  О.Тожиевнинг қўлига топширишади. Шу куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари оғуфурушнинг пайига болта уришди.

Ўтказилган тадбир давомида У.Ваисов билан Ж.Тошпўлатовнинг яшаш хонадонларида улар қонунга хилоф равишда сақлаб келаётган  12,31 грамм ҳамда сотиш мақсадида Қ.Худоёровнинг хонадонида сақлаб келинаётган 2 килограмм 431,84 грамм гиёҳванд моддаси ашёвий далил сифатида олинган. Шунингдек, У.Ваисовнинг уйидан 12,64 грамм "Кўкнори сомони” ҳамда О.Қорабоевнинг хонадонидан 8,7 грамм "Опий” гиёҳвандлик моддасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Жиноятчилар тегишли жазони олди. Шу билан бирга уларга қарашли бўлган "CAPTIVA” русумли автомашина, 4800 АҚШ доллари ва 405000 сўм давлат эгалигига ўтказилди. Хуллас, бу жиноий гуруҳ инсонлар бошига кўплаб кулфатлар олиб келиши мумкин эди. Хайриятки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб,  жиноятчиларнинг кирдикорларини фош қилишди.

Қиссадан ҳисса деганларидек, жиноий тўда аъзолари  ўз қилмишларига яраша  жазони ўтайдилар. Лекин улар  ақл билан иш тутганда, нафси ҳакалак отмаганда бу аҳволга тушмасмиди... Жиноятчилар қилмишидан афсус надомат чекаётгандир.  Бироқ, уларнинг оиласи, фарзандлари-чи... Оилаларига эндиликда ким бош бўлади, фарзандларига ким оталик қилади?  Минг афсус, улар нафс қулига айланиб, оилани ҳам, фарзандларини ҳам ўйлашмади. Энди улар панжара ортида оғуфурушликнинг қандай хунук оқибатларга олиб келганини узоқ йиллар эслаб юришади. Юқорида келтирилган халқ мақоллари ўз исботини топмоқда. Яхши ошини, ёмон бошини ер, деб бежиз айтилмаган.

(Мақола суд материаллари асосида тайёрланди).

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 23 11 2017 йил
0
319

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига