Юридик хизмат ходимлари фаолияти қониқарлими?

 

Идора ва ташкилотларда фаолият юритаётган юридик хизмат ходимлари нафақат ҳужжатларнинг тўғри юритилиши, балки ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан ҳар бир муассасанинг етук юристга эҳтиёжи бор.
 Бу ҳақда ЎзА нашри ёзмоқда

Илгари бу масалага панжа орасидан қаралган бўлса, ҳозир соҳада вазият тубдан ўзгарди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 январдаги "Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида юридик хизмат ходимлари Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланмоқда. 

Юридик хизматнинг нуфузи оширилгани боис, бу йўналишда ишлашга бўлган қизиқиш ортди. Давлат органлари ва ташкилотлар юридик хизматларида бугунги кунда 5,1 минг штат бирлиги мавжуд бўлиб, шундан 1750 таси янги ташкил этилди. 

Юридик хизматларнинг тажрибали кадрлар билан тўлдирилиши ва уларнинг малакасини ошириб бориш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг доимий эътиборида. Вазирлик томонидан ташкил этилган навбатдаги амалий семинарга республика миқёсидаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат раҳбарлари иштирок этди. 

Тадбирда юридик хизмат соҳасини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросига эътибор қаратилди. Эндиликда юридик хизмат сифатини юксалтириш учун ҳар уч йилда ходимлар малакаси оширилади ва аттестациядан ўтказилади. 

Бу борада ҳар бир ҳудудда сайёр ўқишлар ташкил этилмоқда. Аввал ҳудудий давлат органлари ва ташкилотларида хизмат қилаётган юридик хизмат ходимлари Тошкент шаҳрида малакасини оширишган. Эндиликда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказининг профессор-ўқитувчиларидан иборат гуруҳлар томонидан вилоятларда сайёр ўқишлар ташкил этилмоқда. Шу йўл билан давлат органлари ва ташкилотларининг 1 минг 165 нафар юридик хизмат ходими малакаси оширилди. 750 нафари аттестациядан ўтказилди. 

Юридик хизмат ходимларини рағбатлантириш мақсадида ҳар чоракда мукофотлаш тизими жорий этилди. Шунга мувофиқ, 750 нафар юридик хизмат ходимига мартаба даражалари берилди. Уларга тегишлича устама ҳақ тўланмоқда. 

Семинар давомида намунали хизмат қилаётган юридик хизмат ходимларига навбатдаги мартаба даражалари тантанали тарзда топширилди. 

Соҳага ёш ҳуқуқшуносларни жалб қилиш ва уларни қизиқтириш мақсадида Тошкент давлат юридик университети талабалари ҳам ушбу семинарга таклиф этилди. 

Йиғилишда юридик хизмат ишини тўлиқ ва самарали ташкил этиш учун ходимнинг иш жойини жиҳозлашга доир минимал талаблар белгилангани қайд этилди. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ушбу талабларга риоя этилиши доимий назоратга олиниб, 1635 нафар юридик хизмат ходимига ишлаш учун етарли шароит яратилмагани аниқланиб, тегишли чора кўрилди. Шундан сўнг камчиликлар бартараф этилди. 

Ҳозирги кунда юридик хизматдаги бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлардан интернет орқали эркин фойдаланиш имконияти яратилди. Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларида ишлаётган 4 минг ходимнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. 

– Юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга зарур методик ёрдам кўрсатиш мақсадида турли қўлланмалар, тавсия ва кўрсатмалар ишлаб чиқилмоқда, – дейди Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиев. – Натижада юристлар қонунийликни таъминлаш, янги чиқаётган норматив ҳужжатларни ижрочиларга ва кенг оммага етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятини профессионал тарзда бажариб келмоқда. 

Семинарда юридик хизмат ходимлари йўл қўяётган камчиликлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнида эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, идоравий норма ижодкорлиги соҳасида йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар учун 2017 йилнинг ноябрь ойидан бугунги кунга қадар вазирлик ва идораларнинг 11 мансабдор шахсига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, материаллар тегишли судларга юборилган. Келгусида бундай чоралардан тегишли хулоса чиқармаган идоралар раҳбарларига нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланиши ҳақида огоҳлантирилди. 

Юридик хизматга биринчи марта тайинланган ёш кадрлар билан ишлаш ҳам алоҳида эътиборда. Жумладан, 350 нафар ёш ходим адлия органларида стажировкадан ўтказилди. 

Танқидий руҳда ўтган семинарда юридик хизматда мавжуд муаммолар муҳокама қилиниши билан бирга, иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарилди. Юридик хизмат фаолиятини янада кучайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. 
 

Норгул Абдураимова
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 11 04 2018 йил
0
73

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига