» » Сиёсий партияларга мурожаат: бир-бирингизни ёмонлагандан кўра, халққа фойда келтиринг!

Сиёсий партияларга мурожаат: бир-бирингизни ёмонлагандан кўра, халққа фойда келтиринг!

Ҳозиргина сайтлардан бирида "Миллий тикланиш" демократик партияси ҳақида ёзилган мақолани кўрдим. Сарлавҳаси эътиборимни тортди, қизиқиб ўқидим. 

Муаллифи ким экан дедим. Бирорта журналист ёки блогер ёзгандир, деб ўйладим табиий. Аммо буни қарангки, муаллиф бошқа бир партия вакили экан. Очиғи, жаҳлим чиқди. Мен ҳеч бир партиянинг тарафини олмоқчи эмасман. Шунчаки партияларнинг сайловолди фаолияти йўналишини нотўғри, нохолис олгани ранжитди.

Биринчидан, Ўзбекистондаги ҳар бир сиёсий партиянинг камчилиги, нуқсони ўзига етарли. Ҳали ҳеч бир партия бошқа бир партияни танқид қилар даражада ишини қойиллатиб қўймаган. У хоҳ ЎзЛиДеП бўлсин, хоҳ "Миллий тикланиш", хоҳ "Адолат", хоҳ "ХДП", хоҳ бошқаси. Ачинарлиси, партияларимизнинг бир-бирининг устидан мағзава ағдаришга уриниши биринчи ҳолат эмас. Олдинроқ ҳам шунга ўхшаш ҳолатнинг гувоҳи бўлгандим.

Одам кимнидир танқид қилишидан олдин ўзини тафтиш қила билиши керак. Партиялар ҳам шундай. Сиёсий партияларга мурожаатим шу, барака топгурлар, ўзингизнинг рейтингингизни рақобатчи партияни "ғийбат қилиш" билан эмас, ташаббус кўрсатиб, халққа фойдали иш қилиб кўтаринг. Бир партиянинг бошқа бир партияни ёмонлаши халққа фойда келтирмайди. Одамлар шундоқ ҳам ҳеч қайси партия 100 фоиз у ёқда турсин, 60 фоиз ҳам ўз вазифасини бажара олмаётганини яхши билади. Шундай экан, ёш боладек "у ёмон бола, конфетни менга беринг", демасдан, ишингизга жиддий ёндашинг. Бир-бирингизга мағзава ағдаришни бас қилиб, халққа нима фойда, нима зарар эканлиги ҳақида бош қотиринг.

Низомжон ИСЛОМОВ, журналист

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш