» » Қонунчиликда 1 июлдан қандай ўзгаришлар юз беради?

Қонунчиликда 1 июлдан қандай ўзгаришлар юз беради?

Қуйида 2019 йил 1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгариши ҳақида маълумот берамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 20.09.2018 йилдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиши самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 747-сонли қарорига кўра:

  • автотранспорт видеорегистраторлари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади;
  • ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш бўйича мажбурий тартиб жорий этилади;
  • ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Эслатиб ўтамиз, қарорга мувофиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Мобиль видеокамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳужжат тақдим этилмайди

Вазирлар Маҳкамасининг 01.12.2018 йилдаги «Йўл патрул ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида» 975-сонли қарорига мувофиқ йўл ҳаракати қатнашчилари мобиль видеокамерасиз фаолият олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга;

ЙПХ ходими вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланиб ошкора олиб боради ва бу ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларига маълум қилади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш мумкин бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.01.2019 йилдаги «Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5623-сонли Фармонига мувофиқ:

  • юридик шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
  • жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари уларга якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
  • кўрсатилган ер участкаларини хусусийлаштириш жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади;
  • ер участкаларини хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади.

Йўловчи ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб бекор бўлади

  • Президентнинг 06.03.2019 йилдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4230-сонли қарорига мувофиқ қуйидаги талаблар бекор қилинади:
  • халқаро ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш;
  • «Евро-5» ва «Евро-6» экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситаларини, шунингдек, автомобилда юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва ярим тиркамаларни, транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлаш;
  • йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида назорат-касса аппарати мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар;
  • автомобилда юк ташиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, ушбу фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши тўғрисидаги талаблар;
  • автомобилда йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар.

Бундан ташқари, мазкур қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан бошлаб:

  • йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар ва радиоалоқа воситалари алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин;
  • йўналишсиз такси рангини қонун ҳужжатларида талаб қилинган рангга мувофиқ ҳолга келтириш учун (вилоятларда сариқ ва Тошкент шаҳрида фил суяги ранги) ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади, уларни бўяш шарт эмас;
  • йўналишсиз таксилар автобуслар учун ажратилган махсус ҳаракат йўналишида ҳаракатланиши ҳамда «Тўхташ тақиқланади» белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташи мумкин;
  • халқаро автомобилда ташишга хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун аризалар бир иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори 25 фоизга ошади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.07.2018 йилдаги «Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-3876-сонли қарорига мувофиқ:

илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий, муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори 25 фоизга оширилади.

Заргарлик соҳасида қатор ўзгаришлар юз беради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5721-сонли фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан:

  • заргарлик бўйича лицензияси бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзи ишлаб чиқарган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга асиллик даражаси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди;
  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи лицензияга эга якка тартибдаги тадбиркорлар ўз маҳсулотларини мустақил сотиши, аҳолидан қимматбаҳо металлар парчалари, қимматбаҳо тошлар ва буюмларни сотиб олиш ҳуқуқига эга;
  • давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган тадбиркорлар ишлаб чиқаришда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил белгилайди;
  • жисмоний шахслар қиймати 5 минг доллардан кўп бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиши мумкин;
  • заргарлик соҳасидаги тадбиркорлар «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмасига ихтиёрий аъзо бўлса, уюшма аъзоларининг имтиёз ва преференциялари уларга ҳам татбиқ этилади;
  • олтиндан ясалган заргарлик буюмларни чакана сотганлик учун 1 граммига минг сўмдан йиғим ундирилади.

Ҳукуматлараро комиссияларнинг ҳамраислари ва аъзолари лавозим маоши оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.05.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг (қўмиталар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар) Ўзбекистонга оид қисмлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4331-сонли қарорига мувофиқ 2019 йил 1 июлдан ҳукуматлараро комиссияларнинг ҳамраислари ва аъзоларига лавозим маошининг 50 фоизигача бўлган миқдорда моддий рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби жорий этилади.

Зафарбек Солижонов, ҳуқуқшунос

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!

Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив