"Мажбурий эмланишдан асоссиз бош тортган 14 тоифадаги ходимларга қандай жазо қўлланиши кўриб чиқилмоқда"

"Мажбурий эмланишдан асоссиз бош тортган 14 тоифадаги ходимларга қандай жазо қўлланиши кўриб чиқилмоқда"

 Республика махсус комиссияси томонидан мажбурий вакцинация қилинувчи шахслар асоссиз эмланишни рад этган тақдирда, қандай жазо қўллашни кўриб чиқиш Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган. Бу ҳақда, 23 июль куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё».

Республика махсус комиссиясининг 17 июль куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида аҳоли билан мулоқотга кирувчи 14 тоифадаги ишчи-ходимларни 1 сентябрдан 1 ноябргача 3 дозада вакциналар билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланган эди. Лекин оммага ошкор этилган хабарда 14 тоифага кирувчи шахслар мажбурий эмланишни асоссиз рад этган тақдирда, уларга қандай чора кўрилиши қайд этилмаган.

«Дарё» мухбири АОКАда бўлиб ўтган анжуманда мажбурий эмлашни асоссиз рад этган шахсларга қандай чора кўрилиши ҳақида масъулларга савол билан мурожаат қилди. Саволга Нурмат Отабеков жавоб берар экан, ушбу масалага қонуний баҳо бериш Адлия вазирлиги зиммасига юклатилганини айтиб ўтди.

«Республика комиссиясининг охирги баённомасида айнан мана шу масала бўйича Адлия вазирлигига топшириқ берилган. Жавобгарлик нуқтаи назаридан бу масалага ойдинлик киритилади ва омма эътиборига етказилади», – деди мутахассис.

Унинг алоҳида таъкидлашича, эмланиши шарт бўлган тоифадаги ходимлар вакцина олмаса, атрофдагиларга хавф туғдиради ва бошқаларга касалликни юқтириши мумкин.

«Бизни қизиқтирадиган нарса шуки, мен эмлансам ва эмлангандан кейин ҳосил бўлган иммунитетим жуда юқори бўлмаса, нега менинг атрофимдагилар умуман эмланмасдан мени хавф остига қўйиши керак? Шу нуқтаи назардан биз эмланиши шарт деяпмизми, агар у эмланмаса, аҳоли билан мулоқотда бўлиб, бошқаларга хавф туғдириш эҳтимолидан маҳрум қилинади. Демак у киши, айтайлик, шу ошхонада ишламайди, сартарошхонада ишламайди. Дам олиб уйида кутиб ўтиради, қачонки эпидемиологик барқарорлик юзага келганидан кейин ўз фаолиятини давом эттираверади. Уларнинг ошпазлик, ёки усталик касбини ҳеч ким олиб қўймайди», – деди Отабеков.

ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов ушбу масала юзасидан «Дарё» сўровига берган жавобида ҳукумат қарорини бажармаслик маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаришини асос қилган ҳолда, эмланишни асоссиз рад этиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра жазо қўллашга олиб келиши ҳақида маълумот берган эди.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида ‘карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш... ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик’, дейилган. Хулоса, махсус комиссиянинг қарорларини бажармаслик маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради», — деди ИИВ масъул ходими.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмида кўрсатилган тартибни бузган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари (4 миллион 900 минг сўм), мансабдор шахсларга эса ўттиз баравари (7 миллион 350 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумот учун, Қозоғистонда баъзи соҳалар ходимлари учун мажбурий вакцинация жорий этилган,  эмланишдан бош тортган хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари жаримага тортилади.