Наҳотки, интернетдан бошқа барча ОАВ ўз фаолиятини якунласа?

Наҳотки, интернетдан бошқа барча ОАВ ўз фаолиятини якунласа?

Америкалик шоир ва эссеист Джон Барлоу “Шаробни хумсиз сотиш : Глобал Тармоқдаги онг иқтисодиёти” номли изланишида шундай ёзади : “Ахборот предмет эмас, жараён, ҳаракатдир. У ҳаракатга келганда кучли жараёнлар бошланади”. Дарҳақиқат, бугунги кунда ахборот газеталар саҳифасидагина акс этган материал, мақола эмас. У ижтимоий тармоқлар, интернетнинг чексиз тўрларида миллионлаб одамлар онгига таъсир этувчи жараёндир.


Бугун ахборот муаллиф ёзиб бўлгандан кейин якунланадиган ижод намунаси эмас. Ахборот замонавий технологиялар ёрдамида ижтимоий, сиёсий таъсирга эга кучли жараёнга айланди. Айнан ахборот нима? деган саволга жавоб берадиган, “жозибали”,“мўъжизали” каби тавсифланадиган предмет эмас, балки нима учун?, нима сабабдан? қандай қилиб? каби минглаб саволларга жавоб берувчи, ҳақиқатни ошкор этувчи, барчани фаолликка ундовчи жараён, фаол ҳаракатдир. ОАВ эволюциясини кузатар эканмиз, ўтган асрда бош ахборот воситалари бўлган телевидение, радио, матбуот сафига бугунги кунда интернет журналистикаси, ижтимоий тармоқлар ҳамда блог журналистикаси ҳам кириб келди. Яъни, янги замонавий техник имкониятлар билан шаклланган журналистика кўринишлари интерактив журналистика тараққий этишига замин ҳозирлади. Айнан интерактив имкониятлар туфайли интернет оммалашди. Интерактив жараёнларда аудитория ахборот истеъмолчисидан — ҳаммуалифлик даражасига кўтарилди. Аудитория вакиллари эркин фикр билдирмоқда. Оддий инсонлар ўз сўзини айтмоқда. ОАВ пропаганда воситаси эмас, аудитория минбарига айланди.

Бу жараённинг яна бир хусусияти бор – босма нашрлар ўз мухлисини йўқотишни бошлади. Аудитория мутолаа қилишдан кўра, ўз фикрини баён қилишга, баҳслашишга, “сэлфи қилиб” ўзини намойиш қилишга кўпроқ қизиқиб қолди. Оддий одамлар йиллар давомида тарғибот машинасининг таъсир доираси бўлишдан чарчашди. Улар ўз фикрини баралла айтишни исташяпти. Йиллар давомида“жаннатдан хабарлар”дан тўйган аудитория ҳақиқатни эшитишни, танқидий материалларни ўқишни, ўз фикрини эркин баён қилишни истайди.

Ана шундай жараёнда китоб ўқимайдиган авлод вояга етди. Технологик жараёнларни яхши ўзлаштирган, дунёқараши кенг, ўз фикрини бемалол ифода қила оладиган, коммуникацияга тез кириша биладиган бу авлод – афсуски, газета ўқимайди, радио эшитмайди... Фақат интернет орқали ахборот олади. Интернетда мақола ўқийди, аудио эшитади, видео кўради ва...ўзи ҳам яратади. Ўзи блог юритади, ўзи расмга олади, фото ва видео съёмкаларни амалга оширади, монтажини қилади. Журналистика халқчиллашиб, оммалашди. Ахборотни қўлида мобил қурилмаси бўлган ҳар ким ярата оляпти. Бутун дунёда, журналистика илмида фуқаролик журналистикаси пайдо бўлди ва кенг тарқалди.

Мазкур жараёнлар босма матбуотга салбий таъсир кўрсатди. Мобил қурилмадаги мулоқотга кўниккан одамлар газеталар ўқимай қўйишди. Юртимизда аксарият газеталар ўз фаолиятини тугатишди, баъзилари ёпилиш арафасида турибди. Масалан, неча йиллик тарихга эга бўлган “Ўзбекистон матбуоти”, “Муштум” журналлари чоп этилмаяпти. Кўпчилик газеталар инқироз арафасида туришибди. Обуна масаласи муаммо бўлгандан кейин ҳатто “Маърифат” газетаси ҳам мураккаб шароитда. Икки ёки уч ойда бир чиқадиган илмий нашрлар ҳам ўзини — ўзи қоплашга қийналишяпти. Интернет пайдо бўлгунга қадар ҳар бир хонадонда “Саодат”, “Фан ва турмуш”, “Ғунча”, “Гулхан” журналлари мутолаа қилинган. Ҳозирда камдан- кам хонадонларда газета, журналларга обуна бўлишади. Кўпчилик ахборотни асосан мобиль қурилма, интернет сайтлари орқали излайди.

Ҳа,технологик имкониятларнинг оммалашуви замонга мослашмаган анъанавий медиани иқтисодий таназзулга олиб келди. “Газета, умуман босма нашрларнинг келажаги йўқ”, “ҳеч ким энди газета ўқимайди” каби мулоҳазалар кўпайди. Илмий назарий жиҳатдан бу ҳали бошланиши. Навбат, радио ва телевидениега ҳам келиши мумкин. Шундай бўлиши мумкинми?

Наҳотки, интернетдан бошқа барча ОАВ ўз фаолиятини якунласа?

Жаҳон, хусусан, Ғарб тажрибасининг кўрсатишича, вақт ўтиб, анъанавий, босма нашрларга қизиқиш ортади. Яъни, анъанавий медиа билан замонавий медиа бир-бирларини инкор этмай, тўлдириб келади. Бунинг учун анъанавий медиа рақамли технологиялар шаклида синтезлашиши керак. Бир мисол келтирсак, телевидение пайдо бўлгандан кейин,театр келажаги ҳақида турли фикрлар билдирилди. Аммо вақт ўтиб ҳам, театр санъатдаги ўз ўрнини сақлаб қола олди. Фақат бир қисм томошабинларини йўқотди. Ҳақиқий мухлислар театрга боришга вақт ва маблағ топди. ТВ арзон, қулай, ҳаммабоп. Узоқ давом этувчи “совун кўпиги”дек сериаллардан чарчаган зиёлилар –ҳақиқий санъатни, театрни соғинишди. Жонли ижро, жонли кўз ёшлар, импровизация қадрлайдиган зиёли қатлам театрни унутмади, театрдан узоқлашмади. Театр ўз мавқеини сақлаб қолди. Ўтган давр мобайнида шуни кузатдик, телевидение театр ўрнини боса олмади. Театр билан телевидение бир-бирини тўлдириб келмоқда. Спектакллар телевидение орқали намойиш қилинади. Янги саҳна асарлари эфирда реклама қилинади. Телевидениеда машҳурликка эришган, тўйларда тирикчилик қилган актёрлар театрда маҳоратларини сайқаллашди.

Ана шу эволюцион тажрибага асосланиб, замонавий тенденцияга кўра, интернет, ижтимоий тармоқлар матбуотнинг ўрнини боса олмайди. Сифатли матбуот ўз ўрнини йўқотмайди. Фақат янги технологиялар орқали бир оз замонавийлашиш керак. Театр эфирдаги рекламаси орқали мухлисларини жалб қилгани каби веб саҳифалари, ижтимоий тармоқлардаги версиялари, интернет сайтлари билан газета ўз аудиториясини шакллантириши керак. Бу замон талаби. Бу давр талаби. Интернет, ижтимоий тармоқлар, матбуот бир- бирини инкор қилмай, ўзаро тўлдириб келади.

Оддий мисол. Россияда чоп этиладиган “Аргументы и факты” газетасини олайлик. Бу босма нашр ҳануз, ҳатто, Ўзбекистонда (!) ҳам ўз мухлисларига эга. “АиФ” нинг интернет сайти, мобиль иловаси аудиторияга тақдим этилади. Таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур газета ўқувчи учун рақобат жангига кириб интернет ва ижтимоий тармоқларда ҳам ўз версиясини яратди. Замонавий мультимедиавий шаклларини ишлаб чиқди. Газета, радио, телевидениенинг хусусиятларини жамлаган мультимедиа журналистика талабларига кўра, бу газета мавзу ва аудитория қамровига кўра ихтисослашган, сиёсат, спорт, тиббиёт каби йўналишларга эга. Ихтисослашув сайтдаги рукнларида ҳам, алоҳида телеграмм каналларида ҳам акс этган.

ОАВ учун ихтисослашув ниҳоятда муҳим жараён. Чунки ҳар бир медиа мақсадли аудиторияси учун хизмат қилади. Мақсадли аудиториясини ўрганиш жаҳон тажрибасига эга медиахолдингларда яхши йўлга қўйилган. Оддий мисол,BBCнинг ўзбек аудиторияси учун радиоси ҳам, интернет сайти ҳам мавжуд. Сайтда ҳам аудио, ҳам видео, ҳам матн шаклидаги материаллар берилади. Ҳозир бу каналнинг мазмуни эмас, балки эфир шакли ҳақида сўз юритар эканмиз, мақсадли аудитория учун эфир шаклларига эътибор қаратиш заруратини таъкидлаб ўтиш керак. Жамият манфаатлари учун хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган BBCдасоҳага йўналтирилган ихтисослашув ҳам кузатилади. Масалан, географияга оид теледастурлари бугунги кунда бутун дунёда ўз мухлисларига эга. Кўпчилик янгиликлар журналистикаси намоёндаси деб биладиган бу компания мақсадли аудиториясини ҳар кунлик, ҳар соатлик мониторингини олиб боради. Бу изланиш натижалари амалий фаолиятида акс этади.

Юртимизда ҳам замон талабига кўра фаолият юритаётган босма нашрлар мавжуд. Имкониятлари кенг бўлган марказий нашрлар қаторида янги босма нашрлар ҳам ўз ўқувчисига эга бўлмоқда. Масалан, “Болалар адабиёти” журналини мисол тариқасида олайлик. Ҳар бир журнал сонига илова тариқасида журналда чоп этилган материалларнинг аудиоси ёзилган диск ҳам ишлаб чиқиляпти. Китоб ўқишга қизиқмаган ўқувчи аудио орқали ҳикояни тинглаб қизиққач, журнални ҳам варақлай бошлайди. Қайта -қайта тинглаш билан шеърлар ёд олинади. Чиройли расмлар билан журналнинг безатилиши ёш китобхонни ўзига жалб қилади.

Босма нашрларга қўйиладиган талаблар бўйича юқорида мультимедиавийлик(сайт, мобил иловалардаги версиялар)ни ҳамда ихтисослашувни санаб ўтгандик. Мазкур “Болалар адабиёти” журнали орқали яна бир талаб — чиройли, замонавий дизайннинг зарурати ҳам мавжудлигини айтиб ўтиш керак. 3D,HD каби замонавий техник имкониятлар билан “эркаланиб кетган” томошабин учун креатив, ноодатий, ёрқин ва ўзига хос дизайн керак. Медиабозор шароитида газета -маҳсулот, ўқувчи -ҳаридорга айланди. Бозорда “оп қолинг, кепқолинг” деб сотувчи харидорни чақирса, газеталар босма, интернет, мобиль версияларининг замонавий дизайни билан ўз ўқувчиларини жалб қилади.

Замон талаблари газета ходимлари штатини кенгайтиришни ҳам талаб этади. СММ бўйича мутахассис, дизайнер, видеони ҳам, фотони ҳам олишни биладиган мутахассис каби штат бирликлари керак. Бош муҳаррирлар фақат газета мазмуни, мақолалар мавзусини таҳрир қила оладиган яхши мутахассис бўлиши билан бирга медиамаркетинг бўйича ҳам маълумотга эга бўлишлари зарур. Ёки маркетолог, менежер, продюссёр каби ходимларни ҳам ишга жалб қилишга тўғри келади.

Ахборот яхши ишланган, мукаммал предмет эмас, у доимий ҳаракат, ўзига хос жараёндир. Албатта, интернет ва мобил қурилмалардан чарчаган аудитория эртами, кечми сифатли матбуотга қизиқиб қолади. Муштарийлар: “Ўзимизни, жонажон газеталаримизни ўқишга нима етсин? Шу, интернетни ўқиб кўзим оғриб кетди” деб, газета, журнал, китоб ўқийдиган, уларга обуна бўладиган вақтлар ҳам келади. Фақат бунда сифатли, холис, ишончли ва долзарб масалаларни кун тартибига қўя олган босма нашрларгина ўз мухлисларини топа олади.

Юлдуз Ортиқова
филология фанлари номзоди