Об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар нега кечикмоқда?

Об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар нега кечикмоқда?

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Гидрометеорология хизмати қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология каби бир қанча соҳалар учун жуда муҳим. Лекин йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида Ўзбекистонда бу йўналиш замондан орқада қолиб кетган. Аэрологик кузатув 1995 йилдан буён ўтказилмайди. Бу эса об-ҳаво ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигини пасайтиради. Халқаро стандарт бўйича қаралса, юртимиз ҳудудида 4 мингта станция бўлиши зарур, амалда эса 335 та бор, холос.

Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техник базаси эскирган, иқтисодий рентабеллиги ҳам паст. Хусусан, марказ ўтган 9 ойдаги харажатларнинг атиги 6 фоизини ўз даромадидан қоплаган.

— Гидрометеорология хавфсизлигимизни таъминлайдиган муҳим соҳалардан бири. Бугун энг асосий вазифа — тизимда хизмат сифатини ўзгартириш керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда соҳада хизмат кўрсатишни босқичма-босқич тижоратлаштириш юзасидан тақдимот ўтказилди.

Бугунги кунда метеорологик маълумотлар 35 та идорага, жумладан, 20 га яқин тижорат ташкилотига бепул берилмоқда. Хизмат нархлари харажатга нисбатан кам бўлиб, 15 йилдан буён кўриб чиқилмаган.

Давлатимиз раҳбари ушбу нархларни қайта кўриб чиқиш ва пулли хизматлар қамровини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Бу борада фойдаланилмаётган имкониятлар кўп. Масалан, келгуси йили давлат-хусусий шериклик асосида Кармана ва Нуробод туманларида биттадан қуёш электр станцияси, 2022 йилда учта қуёш ва битта шамол электр станцияси барпо этилади. Уларда ишлаб чиқариш ҳажмини режалаштириш учун метеорология хизматларига зарурат бор.

Шунингдек, об-ҳавони прогноз қилувчи интернет платформалар, кластерлар ва хорижий илмий муассасаларга пулли хизматлар кўрсатиш мумкин.

Гидрометеорология марказида 100 йиллик маълумотлар сақланмоқда. Улар қоғоз шаклида бўлиб, 18 миллион варақдан иборат. Ушбу маълумотларни тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда метеорология хизматининг моддий-техник таъминотидаги камчиликлар атрофлича кўриб чиқилди. Қайд этилишича, 70 та станциянинг атиги 14 таси автоматлашган. Об-ҳаво прогнози ўн йил олдинги дастурий маҳсулотлар асосида тайёрланмоқда. Оқибатда об-ҳаво ва табиий офатлар ҳақидаги маълумотлар кечикмоқда. Тошкент, Самарқанд ва Нукусдаги 3 та метеорологик локатор маълумотлари етарли бўлмаяпти.

Шу боис келгуси йилларда Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида локаторлар ўрнатиш, барча станцияларни автоматлаштириш, янги станция ва постлар қуриш бўйича топшириқлар берилди. Булар натижасида метеорология хизматининг сифати ва тезлиги анча ошади.

Ўзгидромет Жаҳон метеорология ташкилотининг минтақавий маркази ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари бу мақомни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлаб, 2022 йилда Самарқандда захира маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича минтақавий хаб ташкил қилишга кўрсатма берди.

Метеорология маълумотлари қишлоқ хўжалигида самарадорликни таъминлайдиган муҳим омиллардан бири. Чет элда аграр соҳадаги корхоналар учун ўсимлик намлиги, ёмғир миқдори, чуқурликдаги тупроқ ҳароратини аниқлаш каби 20 дан ортиқ хизмат кўрсатилади. Юртимизда бундай хизматлар атиги 9 хилдан иборат. Агрометеорологик хизматлар 96 та станция ва постда олиб борилаётгани, уларнинг сони сўнгги 10 йилда атиги 5 тага кўпайгани сабабли прогнознинг ишончлилиги 80-85 фоиздан ортмайди.

Гидрометеорология хизмати марказига келгуси йилда ҳар бир вилоятда қўшимча агрометеорология постлари ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Жаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг гранти доирасида Жиззах ва Қашқадарёда агрометеорологик станция ҳамда ўлчов воситалари ўрнатиб, хизматлар сонини 14 тага етказиш, кейинчалик буни барча ҳудудларда жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. Фермер хўжалиги ва кластерларга онлайн хизмат кўрсатадиган дастурий таъминот ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Соҳада илм-фанни ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Келгуси ўқув йилидан Ўзбекистон Миллий университетида гидрометеорология факультети ташкил этиш, Тошкент гидрометеорология техникумида замонавий ўрта бўғин мутахассислари тайёрлаш ва малакасини ошириш зарурлиги айтилди.

Соҳа ходимларининг ойлик маошини ошириш ва узоқ муддатли хизмат учун устама тўлаш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.