Ўзбекистоннинг бир қисмини чироқсиз қолдирган авария бартараф этилди

Ўзбекистоннинг бир қисмини чироқсиз қолдирган авария бартараф этилди

Тўрақўрғон туманида жойлашган иссиқлик электр станцияси фавқулодда ўчиши натижасида Ўзбекистон Республикаси энерготизимида 750 мВт қувват йўқотилгани хабар қилинганди.

Бунинг натижасида Наманган вилоятининг кўплаб ҳудудларида электр энергиясида узилиш содир бўлган. Шунингдек, Фарғона водийси вилоятлари, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида электр энергияси таъминотида автоматик равишда чекловлар киритилганди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, аварияга қарши тезкор бригада томонидан носозлик юзага келган мазкур ИЭСнинг 1 ва 2-энергоблоклари тўлиқ қувватда ишлаши таъминланди. Тўрақўрғон ИЭСда юзага келган носозлик бартараф этилди. Станция тўлиқ қувватда ишлай бошлагани маълум қилинди.

Вазирликнинг таъкидлашича, истеъмолчилар эҳтиёжини таъминлаш учун Тахиатош ИЭСнинг қуввати 280 мегаватт бўлган 1-энергоблоги ҳамда Талимаржон ИЭСнинг қуввати 450 мегаватт бўлган 2-энергоблоги ҳам тўлиқ қувватда ишлаши таъминланди.