Ўзбекистонда алимент тўламаганлар автотранспорт бошқариш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилиниши таклиф этилди

Ўзбекистонда алимент тўламаганлар автотранспорт бошқариш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилиниши таклиф этилди

Адлия вазирлигида 9 декабрь, чоршанба куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева раҳбарлигида оила қонунчилигини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилот вакиллари ҳамда бошқа соҳа мутахассислари иштирок этди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизматига таяниб «Gazeta.uz» хабар қилди.

Йиғилиш давомида адлия вазири Русланбек Давлетов алимент тўлаш амалиёти бўйича жорий ҳолат ҳамда ушбу масала бўйича хорижий давлатлар тажрибасини таҳлилий қиёслаб, соҳани такомиллаштириш бўйича бир қанча таклифларни илгари сурди.

Йиғилишда мажбурий оилага тайёрлов курсларини бепул асосда жорий этиш, никоҳланувчи шахсларни бепул асосда бепуштлик юзасидан тиббий кўрикдан ўтказиш, никоҳнинг дастлабки 3 йиллигида ёш оилаларнинг моддий фаровонлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратишга келишиб олинди.

Шунингдек, алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан мажбурий жамоат ишлари ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш шаклидаги таъсир чораларини қўллаш бўйича билдирилган таклифлар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш режалаштирилди.

Аввалроқ отаси алимент тўламагани сабабли Россияда чиқинди йиғиб юрган 11 ёшли қашқадарёлик боланинг онасига алимент пуллари ундириб берилгани, Самарқандда қарийб 93 миллион сўм алимент пулини тўламаган ота 15 суткага қамалгани ҳамда 105 миллион сўм алимент пулини тўламаган қашқадарёлик отага жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.