Ички саёҳат учун субсидия ажратиш тартиби очиқланди

Ички саёҳат учун субсидия ажратиш тартиби очиқланди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг бир қисмини қайтариш механизмини жорий қилиш чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Унда маҳаллий йўналишлардаги авиақатновлар учун субсидия ажратиш тартиби баён этилган.

Қайд этилишича, субсидияланадиган авиақатновлар рўйхати махсус комиссия томонидан тасдиқланади. Махсус комиссия қарорида субсидияланадиган авиақатнов амалга ошириладиган йўналиш (маршрут) ва амал қилиш муддати, махсус тариф белгиланади. Субсидия ҳар ойда тўлаб борилиши кўзда тутилган.

Таъкидланишича, авиаташувчиларга субсидия республиканинг бир вилояти/шаҳридан иккинчи вилояти/шаҳрига амалга оширилган авиақатновлар учун ҳаво кемасининг тежамкор («econom») хизмат кўрсатиш тоифаси чипта нархининг 25 фоизи миқдорида ажратилади.

Бунинг учун авиаташувчи ҳар ой якуни бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай Транспорт вазирлигига субсидия ажратиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши лозим.

Муҳокама жорий ойнинг 25 санасига қадар очиқ.