Матбуот – давр ва замоннинг маънавий кўзгуси

Матбуот – давр ва замоннинг маънавий кўзгуси

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” таҳририяти биносида “Матбуотнинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими, Жиззах вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ходимлари, фахрий журналистлар, “Ёш журналистлар” мактаби азолари, “Нотиқлар ва журналистлар тайёрлаш курси” тингловчилари, “Ёш журналистлар маҳорат мактаби” фаоллари ва журналистикага қизиқувчи ёшлар иштирок этишди.

Мулоқот аввалида Ҳаракатнинг ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад ва натижалари хусусида сўз юритди. Шундан сўнг “Зиё чашмаси” газетаси бош муҳаррирининг “Матбуот – давр ва замоннинг маънавий кўзгуси” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Давра суҳбатида Самарқанд вилоятидан «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев иштирок этди. Моҳир журналист иш фаолияти, тўплаган тажрибалари ва мавжуд билимларини ёш журластлар билан ўртоқлашди.

Маълумот ўрнида ушбу тадбир давлат дастурининг 17-36 бандлари ижроси доирасида ташкил этилди. Ушбу бандларда ОАВнинг фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг мустақил фаолият юритишлари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратиб бериш, ижтимоий тармоқларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш масалалари кўзда тутилган.

Мулоқотлар давомида “Хатлар билан ишлашда журналист маҳорати”, “Интернет журналистикасининг ёшлар ҳаётида тутган ўрни”, “Босма нашрлар – ёшлар учун маҳроат мактаби сифатида” мавзуларидаги маърузалар тингланди.

Тадбир сўнгида мавзулар юзасидан савол-жавоблар ўтказилди. Шунингдек, ёш журналистларга Ҳаркатнинг аъзолик сертификатлари топширилди.

 

Абдуғаффор АБДУРАҲМОНОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах

вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори