“Сунъий ёмғир ёғдириш технологияси”ни тан олган вазирлик лойиҳани молиялаштирадиган бўлди

“Сунъий ёмғир ёғдириш технологияси”ни тан олган вазирлик  лойиҳани молиялаштирадиган бўлди

“Жиззахлик олим Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологияси ишлаб чиққанидан хабардормисиз?”

25 август куни Sangzor.uz  сайтида айнан шу сарлавҳа остида  мақола чоп этилгач кўпчилик ўқувчилар ушбу янгиликни қувонч билан кутиб олишган  ва лойиҳа асосчиси Олимжон Юсуповнинг фаолиятига қизиқиш билдиришган эди. Куни кеча мутахассис сайтимизга муҳим янгилик билан мурожаат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилиши икки йилга мўлжалланган инновацион ҳамда уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳалар танлови эълон қилганлигини маълум қилди. Бу  шу пайтгача ўтказилган танловларнинг ўн тўртинчиси ҳисобланади. Унда,

  1. Иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари.
  2. Техника фанлари.
  3. Фармакология ва фармацевтика.
  4. Филология, психология ва педагогика фанлари.
  5. Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит муҳофазаси фанлари

каби  йўналишлардаги лойиҳалар қўллаб-қувватланади. Айнан бешинчи йўналиш биз ёритган мавзуга мос тушади. Айни пайтда бу йўналишда “Орол денгизига дарё суви оқимини кўпайтиришга қаратилган тоғли ҳудудларда ёғингарчиликни оширишнинг янги технологиясини ишлаб чиқиш” мавзусида илмий-техник лойиҳа ишлаб чиқиш талаб қилинмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш учун биринчи йилда 800 миллион сўм, иккинчи йилга яна шунча маблағ ажратилади. Лойиҳани амалга оширишда олимлар  Орол денгизига дарё суви оқимини  кўпайтиришга қаратилган тоғли ҳудудларда ёғингарчиликни оширишнинг янги технологиясини ишлаб чиқишлари лозим.

Шунингдек, илмий-тадқиқот натижасида қуйидаги йўналишлар бўйича тажрибалар ўтказилади:

-булутларнинг метео ва радиолокацион маълумотларига асосланиб, ёғингарчиликни чақириш бўйича янги усуллар комплекси синовдан ўтказилади;

-тоғли ҳудуларда халқаро стандартларга мувофиқ ёмғир ва қорни фаоллаштириш бўйича янги технология ишлаб чиқилади;

-ёғингарчиликни фаоллаштирувчи реагентнинг тарқалишини ҳисоблаш асосида маълумотлар базаси яратилади ва ундан фойдаланган ҳолда симуляцион моделлаш дастури ишлаб чиқилади;

-ёмғир ва қорни фаоллаштириш бўйича янги технологиянинг  тажриба намунаси  ишлаб чиқилади;

-ёғингарчиликни автоматик тарзда фаоллаштирувчи  сунъий интеллект дастурини яратиш учун техник талаблар ишлаб чиқилади.

Натижаларни синовдан ўтказиш ва жорий қилишда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,  Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маркази, Давлат ўрмон хўжалиги қўмитасига ўрганиш ва хулоса олиш учун маълумотлар тақдим этилади.

Тадқиқот натижалари конференциялар ва журналларда мақолалар чоп этиш орқали илмий жамоатчиликнинг муҳокамасидан ўтказилади.

Лойиҳалар 2019 йилнинг 18 ноябрига қадар шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 10:00 дан 18:00 гача вазирлик биносида қабул қилиниши маълум қилинган.

Танловга тақдим этилган лойиҳалар қатъий талаблар асосида энг муносибларга ажратилишига умид қиламиз. Зеро, бу каби оламшумул кашфиётни амалга ошириш минтақамиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.

Ҳакимжон Фозилов  - 

Sangzor.uz портали бош муҳаррири