» » Давлат хизматлари марказлари орқали ОТМга ҳужжат топшириш тартиби қандай?

Давлат хизматлари марказлари орқали ОТМга ҳужжат топшириш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4319-сон қарорига мувофиқ 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасалари бакалавриат йўналишига ўқишга кириш учун абитуриентлар давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари белгилаб берилган.

Шунга кўра, ОТМга ҳужжат топширувчи абитуриентлар эндиликда ҳужжатларни институтга бориб эмас, балки исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига 15 июндан 15 июлга қадар тақдим этишлари мумкин бўлади.

Бунинг учун абитурентлардан фақат 3 турдаги ҳужжатлар талаб қилинади:

  • Фуқаролик паспорти (мавжуд бўлмаса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома);
  • Мактаб шаходатномаси ёки коллеж, лицей дипломи (бунда диплом иловаси мавжуд бўлиши шарт, илова мавжуд эканлигига ишонч ҳосил қилиниб абитуриентларга қайтарилади);
  • Имтиёзга эга бўлса, имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Шунингдек, қарорга мувофиқ абитурентлардан қуйидаги ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмайди.

Булар:

  • 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;
  • паспорт нусхаси;
  • 6 та фото сурат;
  • конверт, оқ қоғоз;
  • иш папкалари.

Бундан ташқари, Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун жорий йил битирувчиларидан ҳамда ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан ҳеч қандай тўлов ундирилмайди, фақатгина олдинги йиллар битирувчилари давлат хизмати кўрсатилганлиги ва тест синовларида иштирок этганлиги учун жами энг кам ойлик иш ҳақининг
0,5 баравари миқдорида
йиғим ундирилади.

Олдинги йиллар битирувчилари уларнинг битирганлиги тўғрисидаги ҳужжатига асосан аниқланади.

Шунингдек, ҳужжатлар шахсан абитуриентнинг ўзидан қабул қилинади, яқин қариндошлар ёки бошқа шахслардан ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди.

Шу билан биргаликда, абитуриентлар бир вақтнинг ўзида, ўқитишнинг бир шакли доирасида 3 тагача ОТМларини танлаш ҳуқуқига эга бўладилар.

Абитуриентлар томонидан 3 ОТМ танланганда, улардаги имтиҳон топшириладиган фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлиши лозим бўлади.

Мисол учун танланган 3 та ОТМда:

1-блок-тарих, 2-блок-она тили, 3-блок-инглиз тили бўлиши шарт.

Абитуриентлар қуйидаги рўйхатдаги ОТМларга ҳужжатни соддалаштирилган тартибда топширишлари мумкин:

  1. Тошкент давлат юридик университети;
  2. Қорақалпоқ давлат университети;
  3. Гулистон давлат университети;
  4. Фарғона давлат университети;
  5. Самарқанд давлат университети.

Маълумот сифатида шуни айтиб ўтиш жоизки хорижий фуқаролар, шунингдек хорижий, хусусий, ҳарбий ОТМлар, ОТМларнинг магистратурасига, тест синовларисиз ижодий имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинадиган ОТМларга ўқишга кириш учун номзодлар бевосита жойлардаги Қабул комиссияларига мурожаат қиладилар.

 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси

 

 

скачать dle 12.0

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!


Фикр қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив