«Амирсой»га олиб борувчи йўл юзасидан расмий муносабат билдирилди

«Амирсой»га олиб борувчи йўл юзасидан расмий муносабат билдирилди

Жорий йилнинг март ойида “Амирсой” тоғ-чанғи курорти ҳудудида кўп миқдорда қор ва ёғингарчилик кузатилиб, намгарчилик меъёридан ортиши сабабли ҳудуддаги грунт ва тоғ жинсларида геологик силжиш содир бўлган.

Автомобиль йўли ва йўлга ёндошган қияликлар лёссимон тоғ жинсларидан (суглинкалар, супеслар) ва сунъий тўлдирилган тоғ жинсларидан ташкил топган, остида неоген ётқизиқлари песчаник ва алевролитлар тарқалган.

Ушбу геологик силжиш оқибатида кўчки ёриқларидан таҳминан ҳажми 50 000 м3 гача бўлган кўчки фаоллашган. Ўзбекистон Республикаси хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизматининг маълумотларига кўра ушбу ҳудудда хавфли геологик жараёнлар фаоллашишининг реал хавфи туғилиб, кўчки ёриқларида 6 март кунидан бошлаб олиб борилган кузатиш натижалари ва ўрнатилган топогеодезик реперлар кўрсаткичига кўра суткасига 10-20 см гача сурилиш, 1,0 м гача чўкишлар давом этмоқда.

Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, “Амирсой” ҳудудига олиб борувчи автомобиль йўлининг 15-16 пикет, 19-20 пикет ва 33-34 пикет оралиқ қисмларида вақтинчалик йўловчи ва автотранспорт воситалари ҳаракати чекланди.

Эслатиб ўтамиз, бу мавзуда қўшимча изоҳ берилишини маълум қилгандик.

Мазкур ҳолат ҳозирда турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин этилаётганлиги кузатилмоқда. Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз тоғ ва тоғ олди ҳудудларида бу каби жараёнлар мунтазам равишда содир бўлиб туради. Тоғ жинсларининг силжиши, кучли сел келиши, грунтнинг ўта даражада меъёридан ортиқ намланиши таъсирида грунт кўчкиси ва бошқа табиий офат оқибатлари натижасида йўлларнинг вақтинча бир неча кунлаб ёпилиб қолиш ҳолатлари кузатилади. Бу каби табиий офатлар ўз кўламига қараб автомобиль йўллари ҳолатига ва йўл бўйи инфратузилмаларига ҳам турли кўринишда таъсир ўтказади. Ўз вақтида кўрилган чора тадбирлар натижасида эса йўллардаги ҳаракат мунтазамлиги таъминлаб келинмоқда. 

Ҳозирда “Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳудудида содир бўлган табиий ҳодиса Ўзбекистон Республикаси хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари билан биргаликда жойида ўрганилмоқда. 

Ўрганишлар натижалари бўйича киритилган тегишли хулоса ва тавсиялар асосида содир бўлган табиий офат оқибатлари бартараф этилади ва қисқа муддатларда автомобиль йўлида тиклаш ишлари амалга оширилиб, автотранспорт воситалари ҳаракати қайта тикланади.