ЖССТ коронавирус пайдо бўлишининг сабабини маълум қилди. Аммо шубҳалар кўп...

ЖССТ коронавирус пайдо бўлишининг сабабини маълум қилди. Аммо шубҳалар кўп...

"COVID-19" одамларга кўршапалаклардан одамга номаълум оралиқ ҳайвон орқали юққан бўлиши мумкин. Бундай хулосага Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари ва хитойлик олимлар билан ҳамкорликда Хитойда олиб борилган тадқиқотлар якунида келинди. Бу ҳақда "Associated Press" ахборот агентлиги экспертларнинг нашр қилинмаган хулосасига асосланиб хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мутахассислар "COVID-19" лабораториядан сизиб чиққан" деган версиядан воз кечишган. Бироқ, улар инфекциянинг пайдо бўлишини аниқлаш учун тадқиқотларни давом эттириш ниятида.

Агентликка кўра, олимларнинг тегишли ҳисоботини нашр этиш бир неча бор қолдирилгани Хитойни ҳимоя қилиш ва уни пандемия айбдорига чиқариб қўймаслик учун қилинган, деган тахминларга сабаб бўлмоқда. Агентлик ҳужжатнинг якуний версиясини 29 март, душанба куни Швейцариянинг Женева шаҳрида дипломатдан олган.

Унга кўра, мутахассислар "COVID-19"нинг келиб чиқишини тўртта асосий версиясини санаб ўтган. Улардан бири коронавирусни кўршапалаклардан одамларга оралиқ ҳайвон орқали юққани бўлиб, аммо айнан қайси ҳайвон эканлигини аниқлаб бўлмаган. Тахминларга кўра, бу калтакесаклар, мушуклар ёки қоракўзанлар бўлиши мумкин.

Аввалроқ, "Bloomberg" агентлиги ЖССТ мутахассисларига асосланиб, Хитойда ҳайвонлар савдоси коронавирус келиб чиқиши сабаби бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган эди.

Жорий йилнинг бошида ЖССТ мутахассисларининг халқаро гуруҳи Хитойда бир ойга яқин вақт давомида "COVID-19" инфекциясининг келиб чиқиши сабабларини ўрганишди. Якунда, улар коронавирусни келиб чиқиши, эҳтимол, Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорида ёки унга яқин жойда ёввойи табиатда бўлиши мумкин деган фаразларни айтишди.

2019 йил охирида Хитойда коронавируснинг янги — "COVID-19" турига сабаб бўлган инфекция тарқалиш авж олди. Вирус дастлаб Хубей вилоятида жойлашган Ухан шаҳрида қайд этилган.

2020 йилнинг 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда "COVID-19" пандемиясини эълон қилди. Ўша йилнинг 29 март куни Хитой ўз ҳудудида коронавирус эпидемияси тугаганлигини эълон қилди. Аммо касаллик бутун дунёга тарқалиб кетди. Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб ушбу инфекция билан зарарланганлар сони 125 миллион нафардан ошиб кетди. У келтириб чиқарган касаллик асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмганлар сони аллақачон 2,5 миллион нафардан ортди.

Олдинроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) “Covid-19" пандемияси келиб чиқишига сабаб бўлган эҳтимолий фаразни маълум қилгани, унга кўра, вирус «оралиқ-восита» орқали инсонларга юқтирилиши туфайли пандемия келиб чиққани ҳақида хабар бергандик.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳайвонларда коронавирус манбаини аниқлай олмагани, Хитой Халқ Республикаси Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси мутахассиси Лян Ваннанга кўра, тадқиқот давомида кўршапалаклар ва панголинлар орасида "SARS-CoV-2" ўхшаш вируслар топилган, аммо олинган намуналар айнан шу ҳайвонлар ”SARS-CoV-2"нинг асл манбаи эканлигини тахмин қилиш учун кескин фарқ қилиши ҳақида маълум бўлган эди.

АҚШ Касалликлар тарқалиши ва назорат қилиш маркази (CDC)нинг собиқ раҳбари Роберт Редфилд эса коронавирус Хитойдаги лабораторияда пайдо бўлган, деган фикрларни илгари сурмоқда.

Унга кўра, ушбу инфекция 2019 йилнинг сентябрь ёки октябрь ойларида Ухан шаҳрида тарқалишни бошлади.

"Бу вирус сентябрь-октябрь ойларида Ухан шаҳрида тарқалишни бошлаган. Бу менинг тахминим, бу шунчаки фикр ... Мен ҳали ҳам Ухан шаҳрида лаборатория ушбу инфекцияни тарқалиши "хизмат қилган" деб ўйлайман", - дейди мутахассис.