Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жамият
  3. Энди ҳам “Озодлик”га ишонасизми? (видеофакт)

Энди ҳам “Озодлик”га ишонасизми? (видеофакт)

Cана : 14-02-2019   /   Жамият, Видео   /   кўрилди: 644

Ўзбекистонга келмай, кўзи билан кўрмай хабар тайёрлайдиган, воқеаларни ўзига керакли усулда ёритадиган журналистлар, нашрлар талай. Жумладан, "Озодлик" нашри Ўзбекистон ҳақида эшитган ҳар қандай хабарини ўзи истаганидек ёритаётганига амин бўлдик. 

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларда "Tashkent city”даги "Discover Invest” қурилиш компанияси ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Уларда ишчилар оч қолаётгани, ишлаш шароити йўқлиги, совуқ, зах экани айтилади. Камига маош ҳам озлиги иддао қилиняпти. Хўш, бу гаплар қанчалик ишончли? 

Биз ушбу вазиятга аралашмасликни, тагига етмагунча четда туришни афзал билдик. Камерамиз объективини ҳамма қатори миш-мишларга эмас, аслида шу миш-мишларни ўйлаб топаётган, текширмай тарқатаётганларга қаратишни маъқул кўрдик.

Биласиз, "Озодлик” нашрида Ўзбекистон ҳақидаги танқидий мақолалар жуда кўп. Улар аламзадалик билан нохолис ёзилганини нафақат кучли мутахассис, балки оддий ўқувчи ҳам аниқ-тиниқ пайқайди. Боиси бу хабарлар ортида миллион-миллион долларлар ётибди. Биргина 2018 йилда АҚШ бюджети ҳисобидан молиялаштиришда "Озодлик"нинг Ўзбекистондан олинадиган хабарлари учун 2 миллион 134 минг АҚШ доллари пул ажратилган. 

Нашрда эълон қилинаётган материалларнинг кўплари бугунги Ҳукумат, давлат бошқарув органлари раҳбарларининг фаолиятига қаратилганини кўриш мумкин. Улар орасида Ўзбекистондаги ўзгаришларни чинакамига ёритиб берган мақолани учратмайсиз. Текширилмаган ахборотлар сони эса кун сайин ортиб бормоқда. Буни ҳозирнинг ўзида исботлаймиз.

Видеони TAS-IX орқали кўриш.

"Озодлик” радиоси интернет фойдаланувчиларидан телеграм орқали видео, фото ва хабарлар йўллашни сўрайди. Аммо бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини текшириб ҳам ўтирмай эълон қилаверади. Буни аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимининг қаршисидан камерасини ёқиб чиққан қиз мисолида исботлаган эдик. Навбат "Discover Invest”га.

Биз "Озодлик”га мойдек ёқиб тушадиган видео тайёрлашни истадик ва "Discover Invest” томонидан қурилиш олиб борилаётган ҳудудга йўл олдик. Ишчилар билан суҳбатлашиб, улардан абгор ҳолда видеога тушиб беришларини илтимос қилдик. Ерга ўтиришлари, овқат еб тургандек ўзларини тутиб беришларини сўрадик. Улардан бири эса бу ҳолатни видеога олиб, вазиятдан нолишини, керак бўлса сўкиниши кераклигини тушунтирдик. Ишчилар мақсадимизни дарров англади. Тузлуғимизга тупурмаймиз, иш жойимиздан нолимаймиз, деб таклифимизга рози бўлишди. Аслида эса шароитлар яхши, тушлик вақти иссиқ овқат, чой, нон, ошхона мавжуд. Бир гап билан айтганда, тасвирланганидек кўчада сиғинди қилинаётгани йўқ. 

Видео жорий йилнинг 8 февраль куни суратга олинди ва кеч соат 23:32 да "Озодлик”нинг телеграмдаги саҳифасига юборилди. Бизга эса 11 февраль куни қуйидагича жавоб келди: 

"Салом. Катта раҳмат. Ана шундай видеолар борми? Жуда аянчли”.

Уят! Тузоққа лаққа балиқдек тушгани етмагандек, яна шундай видеолар борми, дейишларини қаранг. Бундан кўриниб турибдики, сиз истаган одамингиз устидан туҳмат ва бўҳтон ёғдиришингиз мумкин. Уни ҳеч қайси ОАВда эълон қила олмасангиз ҳам "Озодлик"да чиқишига кафолат бор. 

Биз "Озодлик” бу видеони эълон қилмаса керак, деб ўйладик. Жуда бўлмаганда суриштирув ўтказса керак, деган хаёлга бордик. Орадан кўп ўтмай, кеча, 12 февраль куни ушбу видео "Озодлик”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан жой олди. Хабар остига эса қуйидаги изоҳ ёзилган эди:

"Бу "Discover Invest” ишчиларининг овқатланиш шароитлари, деб иддао қилинмоқда. Бу сизга Россиядаги ўзбек муҳожирларининг вазиятини эслатмаяптими?”

Бутун дунё журналистикасида масалага холис ёндашув, бир хабарни тарқатишдан аввал бир неча манбага асосланиш кераклиги, аниқ далил ва исботлар тўплаш, суриштирув ўтказиш шартлиги таъкидланади. Бу халқаро қонун ҳужжатлари билан ҳам белгилаб қўйилган. Суриштирмай, телеграмдан етиб келган видеони истаганидек изоҳлаб тарқатаётган "Озодлик” юқоридаги талабларга жавоб беряпти, дейиш мумкинми? Албатта, йўқ. Бу аниқ бир шахсга қаратилган аламзадалик, холос. 

Ўзбекистондаги бугунги вазиятни баҳолаш, муаммоларни ҳал этишда ташқаридан ёрдамга қараб қолган жойимиз йўқ. Эркин сўз айтиш, хато ва камчиликлар ҳақида очиқ гапиришда, энг муҳими буларга холис ёндашишда "Озодлик” бизга ўрнак бўла олмаслиги ҳам яна бир бор кундек равшан бўлди. Ҳар қайси халқ, ҳар қайси давлат ўз бошидаги қорни фақат ўзи курайди. "Озодлик”дагилар буни тушуниб етиши учун яна нима керак? Рўй берган шармандали ҳолат эса хулоса учун етарли. Биз қайси йўлдан юришиз кераклигини ўзимизга қўйиб беришсин. 
 

 
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!