Жиззахда аномал иссиқ шароитида сув назорати штаб асосида ташкил қилинди

Жиззахда аномал иссиқ шароитида сув назорати штаб асосида ташкил қилинди

Жорий июль ойининг дастлабки 10 кунлигида юртимизга кириб келган аномал иссиқ ҳаво оқими аграр соҳада ҳам кечиктириб бўлмас зарур чора-тадбирларни кўришни тақозо этди. Ана шу мақсадда 2021 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг “Ҳаво ҳароратининг ўта кескин кўтарилиши оқибатида юзага келадиган нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган 02-2165 сонли топшириғи қабул қилинди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида”ги Низомнинг 17- “ж” кичик бандига асосан “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғининг 48-сонли буйруғи қабул қилиниб, бошқармада тезкор штаб ташкил этилди. Шунинг баробарида пахтачилик туманларида инспекция ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, улар зиммасига 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан ғўза майдонларини суғоришни самарали таъминлашни назорат қилишдек муҳим вазифалар юклатилди.     

8 июль кунги маълумотларга кўра, шу куни вилоят чегарасига қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун 159,9 м3/сек сув олинган ва унинг атиги 51,1 фоизи, ёҳуд 81,7 м3/секунд сув ғўза майдонларини суғоришга йўналтирилган. 2021 йил ҳосили учун вилоятда 2 минг 227 та фермер хўжаликлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жами 80 минг 200 гектар ерда ғўза парваришланаётгани ҳисобга олинса, масаланинг қанчалик жиддий эканини тушуниш қийин эмас. Аслида етказиб берилган 1 м3/с сув билан 40 гектар ғўза майдонини суғориш мумкин бўлсада, айрим ҳудудларда бор-йўғи 33 гектар суғорилган, холос.

-Пахтакор тумани мисолида айтадиган бўлсак, бугунги кунда мазкур ҳудудда 244 та фермер хўжаликлари ва пахта кластери томонидан 11 минг 700 гектар пахта парваришланмоқда, дейди “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими инспектори Нурилла Жўраев. – Жорий йилнинг 8 июль куни 14 м3/секунд сувнинг 9.4 м3/сек қисми билан бир кунда 376 гектар суғориш керак бўлсада, амалда 348 гектар суғорилган. Бу эса ғўзани суғоришда ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганлигини англатади. Ўша кунги аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ташкилот ва хўжаликларга 10 та огоҳлантириш ва 2 та ёзма кўрсатмалар берилиб, туман ҳокимлигига 1 та тақдимнома киритилди.

Агар ушбу ҳолат умумий даражада таҳлил қилинса, вилоят чегарасига олинган сув билан бир кунда жами 3 минг 268 гектар ўрнига, 3 минг 23 гектар ғўза майдони (92,4 фоиз) суғорилган бўлиб, бу меъёрга нисбатан 245 гектар кам деганидир.

-Иссиқ оби-ҳаво шароитида ҳосилни сақлаб қолиш долзарб бўлиб турган бир маҳалда истеъмолчиларнинг сувдан фойдаланиш маданияти ва тартибининг йўқлиги сабабли кунлик олинаётган сувдан самарали фойдаланишда жойларда бир қатор хато ва камчиликлар юзага келаётгани кузатилмоқда, дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдланашни назорат қилиш бўлими бош иснпектори Ғайрат Шодиев. - Жумладан, Дўстлик туманидаги “Улуғбек Сирожиддин даласи”, Зарбдор туманидаги “Лада хрей кросс” сингари фермер хўжаликларида 8-10 л/сек сув тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйилган бўлса, Пахтакор  туманидаги “Уфқ далалси” ва Мирзачўл туманидаги “Улуғбек” каби фермер хўжаликлари эса 0,2-0,3 гектардан ғўза майдонларини кўллатиб юборган.

Дарвоқе, ғўзанинг баравж ривожланишида шарбатлаб суғоришнинг аҳамияти катта эканини айниқса, деҳқонларимиз яхши билишади. Бироқ шунга қарамай аксарият туманларда бундай усул қўлланилмаган.

Мисол учун, Арнасой туманидаги “Шербек шамоли”, “Форишлик Ўлмасбек”, “Арнасойлик Шухрат”, “Этти ўғлон маскани”, “Янгибўстонлик Юсуфбек”, “Янгибўстонлик Жонибек”, Зарбдор туманидаги “Зар сайкал - С”, “Иброхим Диёрбек”, “Рохила унумдор даласи”, “Шахзода Анвара даласи” ва “Зафар сой йули”, Пахтакор туманидаги “Зафар Эъзоза”, “Нур-зиё Олимжон даласи”, “Султон Миртоз” ва “Фахрли Юрт” ҳамда Мирзачўл туманидаги “Гулзор лочини”, “Қиронов Тўлқин”, “Маржон дала” ва “Омад-5” фермер хўжаликлари томонидан ғўза майдонлари шарбат билан суғормаган.

Бундан ташқари, жойларда ғўза майдонларини ўз вақтида суғормасдан чанқатиб қўйиш ва суғоришда қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Хусусан, сув хўжалиги ташкилотлари томонидан жорий йилнинг
7 июль ҳолатига вилоят бўйича жами 2028 та фермер хўжаликларининг 55 минг 602 гектар ғўза майдонларида суғориш ишлари амалга оширилганлиги тўғрисида маълумот тақдим қилинган, аммо Агроинспекция ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишларда 2002 та фермер хўжаликларининг 53 минг 68 гектар майдони суғорилганлиги маълум бўлди.

Яна бир гап: Мавсум ишларининг кўнгилдагидек бориши сувчилар учун яратилган шарт-шароитларга ҳам боғлиқ. Ишчи гуруҳлари томонидан ана шу жиҳатлар ҳам эътиборга олиниб, бу борадаги масалалар чуқур ўрганиб чиқилди. Мониторинг таҳлилларига кўра, вилоятдаги 35 га яқин фермер хўжаликларида куннинг иссиқ вақтида сувчиларнинг дам олишлари учун даланинг ўзида ётоқ жойлари ташкил қилинмасдан, уларнинг эрталаб ва кечки соатларда далада ишлашлари учун зарурий шароитлар яратилмаган.

Юқоридаги аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тўпланган маълумотлар вилоят прокуратурасига тақдим қилиб борилди.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати