Термизда афғонистонлик қочқинлар учун лагер қурилаётгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Термизда афғонистонлик қочқинлар учун лагер қурилаётгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Термиз чегарасида Афғонистондан келадиган қочқинлар учун лагерлар барпо этилмаяпти, дейди Термиз шаҳар ҳокимининг ўринбосари Меҳринисо Кенжаева. Бу ҳақда «РИА Новости»га таяниб, Repost хабар бермоқда.

Меҳринисо Кенжаеванинг сўзларига кўра, шаҳарда вазият тинч.

«Шаҳарда вазият тинч, ҳокимиятдаги барчамиз режалаштирилган ишлар билан бандмиз, афғон воқеалари билан боғлиқ бирор-бир шошилинч йиғилиш ўтказилмаяпти», – деди Кенжаева.

Унинг сўзларига кўра, 30 июль куни вилоят ҳокимининг йиғилиши ўтказилади, аммо йиғилиш кун тартибига фақат ички масалалар киритилган.

«Мен бундай қурилиш ҳақида ҳеч нарса эшитмаганман, бундай нарса йўқ», – дея қўшимча қилди Кенжаева.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати Афғонистондан кучларни олиб чиқиш фонида Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан АҚШга ёрдам бераётган 9 мингга яқин афғонни вақтинча жойлаштиришни сўраганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашевнинг айтишича, расмий Тошкент 1951 йилги Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенция ва 1967 йилдаги протоколга қўшилмаган, республика қонунчилигида эса қочқин мақомини олиш тартиби кўзда тутилмаган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукумати агар ташкилотдан талаб тушса, Афғонистон билан чегарада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги идорасини очишга тайёр.