Шавкат Мирзиёев 5—6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади

Шавкат Мирзиёев 5—6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади

Шавкат Мирзиёев 2021 йил якунига қадар Қозоғистонга бориши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Президент матбуот хизмати ушбу давлат ташрифнинг аниқ санасини маълум қилди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг таклифига биноан 5—6 декабрь кунлари Қозоғистонда бўлади.

Ташриф дастурига мувофиқ, Нур-Султон шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтади, уларда биродар халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилади.

Сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришнинг долзарб масалалари ҳам кун тартибига киритилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари халқаро масалалар юзасидан фикр алмашади ва минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини муҳокама қилади.

Саммит якунида салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш режалаштирилган. Ташриф арафасида Нур-Султонда икки мамлакат етакчи компания ва тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ҳам ўтказилади.