ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи ҳафтада икки кун тадбиркор ва фуқароларни қабул қилмоқда

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи ҳафтада икки кун тадбиркор ва фуқароларни қабул қилмоқда

Январь ойидан бошлаб Жиззах вилоятидаги Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаати кўриб чиқиш бўйича қабулхонаси ҳамда вилоят халқ қабулхоналарида чоршанба ва пайшанба кунлари тадбиркорлар ва фуқаролар қабули ташкил этилмоқда.

Жорий ҳафтадан бошланган ушбу жараёнда фуқаролар ва тадбиркорлардан уй-жой, бандликни таъминлаш, банк-кредит йўналишлари бўйича мурожаатлар қабул қилинди.

Ш.Рашидов туманида истиқомат қилувчи Мавлуда Қодирова айни кунда Жиззах шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирини ижарага олган. Маълумоти ўрта, бир нафар фарзанди бор. Айни пайтда турмуш ўртоғи билан ажрашган. Уй-жойга эҳтиёжи бўлганлиги сабабли туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилган. Ҳокимлик эса ундан яшаш жойидан маълумотнома келтиришни талаб қилган.

2018 йил 15 октябрдан давлат хизматлари кўрсатилишида фуқаролар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек ҳокимликларга тавсифнома ва қуйидаги маълумотномаларни тақдим этишга мажбур эмаслар:

  • яшаш жойи бўйича (прописка қилинганлиги) яшаётганлиги ҳақида;
  • ишсизлиги ҳақида;
  • болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлиги ҳақида.

Кўрсатилган маълумотларни олиш зарурияти туғилганда давлат органлари уларни ИИВ, Меҳнат вазирлиги органларидан мустақил равишда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали сўраб олиши лозим.

Фуқаро М.Қодированинг ушбу масала юзасидан қилган мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди. Унга Жиззах шаҳар давлат хизматлари марказига бориши  тушунтирилди. Марказ ходимлари томонидан унга манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш хизмати кўрсатилди. Шу куни унинг иккинчи мурожаати юзасидан Жиззах шаҳридаги бўш иш ўринлари юзасидан маълумот берилиб, ишга кириши учун йўлланма тақдим этилди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги халқ қабулхонасида ДХА Жиззах вилоят бошқармаси ва вилоят адлия бошқармаси бошлиқлари ҳамда Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги вакиллиги мутасаддилари иштирокида ўтган қабул жараёнида фуқароларга мурожаатлари асосида зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, шунингдек келиб тушган мурожаатларнинг барчаси қабул қилиниб ижрога қаратилди.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати