«ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ» СИЗНИ ЭШИТАДИ

«ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ» СИЗНИ ЭШИТАДИ

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармасининг «Ишонч телефони»га 2020 йил 17 март кунининг ўзида жойларда нархларнинг асоссиз оширилгани тўғрисида 4 та мурожаат келиб тушди.
Жумладан, фуқаро Д.Р. Гулистон шаҳрининг 3-мавзе ҳудудида жойлашган савдо мажмуасида картошка 7000 сўмдан, фуқаро А.А. эса шаҳар марказий деҳқон бозорида ушбу махсулот 6000 сўмдан, бозорга туташ ҳудуддаги дорихонада тиббий ниқоб 2500 сўмдан сотилаётганлигини маълум қилган.
Яна бир мурожаатда фуқаро Х.Т. Оқолтин тумани деҳқон бозорида картошка 4500 сўмдан, фуқаро Д.М. эса Янгиер шаҳрида ушбу маҳсулот 4000 сўмдан сотилаётганлигини айтган.
Ушбу мурожаатлар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан зудлик билан назоратга олинди ва фуқароларнинг мурожаати жойида қаноатлантирилди. Нархларни асоссиз оширган тадбиркорлик субъекти вакилларига ушбу ҳолат такрорланган тақдирда қонуний чора кўрилиши тушунтирилди.

Маълумот учун, Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармасининг (67)235-03-42 рақамли «Ишонч телефони» туну-кун фаолият юритмоқда. Фуқароларнинг асосли мурожаатлари доимий назоратга олиниб, ҳеч бири эътибордан четда қолмайди.

Барча юртдошларимизга эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда озиқ-овқат захираси етарли, ҳар бир савдо шохобчаси давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан қатъий назоратга олинган.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.