Ислоҳотларнинг ижобий самараси

Ислоҳотларнинг ижобий самараси

Карантин даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари қабул қилинди.

Сирдарё вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан мазкур фармонларнинг ишлаб чиқариш корхоналарига бўлаётган ижобий таъсири, шунинг билан бирга коронавирус пандемияси даврида ишчиларга яратилган шароитлари ўрганилиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар, амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Хусусан, Гулистон шаҳридаги “Wellfort” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини 2017 йилда бошлаган бўлиб, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Корхонанинг йиллик товар оборот ҳажми 5.300.000 АҚШ долларидан ортади. Маҳсулотларининг асосий қисми Россия, Беларуссия, Туркия, Илатия ҳамда Нидерландия давлатларига экспорт қилинади. Бугунги кунда корхонада 1000 нафарга яқин ишчилар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда фаолият юритиб келмоқда.

Айтиб ўтиш керакки коронавирус пандемияси шароитида аҳолининг бирламчи эхтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари жумладан ун билан таъминланиши жуда ҳам муҳимдир. Янгиер шаҳридаги “INTERGRAIN” масъулияти чекланган жамияти ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириб келади. Корхона томонидан бир суткада ўртача 245 тонна ун ишлаб чиқарилади.

- Бизнинг корхона Янгиер шаҳридаги эркин иқтисодий саноат зонасида жойлашган, - дейди “INTERGRAIN” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Нурилхақ Акбарий. – Ҳозирда 150 нафардан ортиқ ишчилар меҳнат қилмоқда. Корхонамизда ходимларнинг саломатлиги ва хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилади. Айниқса карантин даврида қонун-қоидаларга тўлиқ амал қилиш ҳам бурч, ҳам масъулият.

Истеъмол учун ҳаётий зарур эҳтиёжлардан яна бири ўсимлик ёғи ҳисобланади. Бу борада Сирдарё туманидаги “Бахт мой инвест” хусусий корхонаси ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу корхонада 80 нафардан ортиқ ишчилар меҳнат қилаётган бўлиб, бу ерда бир кеча кундузда қарийб 12 тонна ёғ ишлаб чиқарилади.

Вилоятдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи бир неча ўнлаб корхоналарнинг фаолияти ҳам давом эттирилмоқда. Ана шундай корхоналардан яна бири Янгиер шаҳридаги “SULPAK KOMPUTERS” масъулияти чекланган жамиятидир. Замонавий техникалар ёрдамида МДФ, ламинат ҳамда акрил каби 50 хилдан ортиқ сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараётган ушбу корхонанинг маҳсулотлари ички бозорда ва четга - қўшни республикаларга сотилади. Корхонада 30 нафардан ортиқ ишчилар меҳнат қилишади.

Мазкур ўрганишлардан шуни англаш мумкинки, бугунги кунда ишлаб чиқариш корхоналари тўла қувват билан фаолият юритиб келмоқда. Шу билан бирга аҳолининг бандлиги, саломатлиги ва хавфсизлигига алоҳида эътибор берилаётир.

 

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Матбуот хизмати