8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Ўзэкспомарказ»да тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, мамлакат хотин-қизларини байрам билан табриклади.

«Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир, — деди Президент. — Менинг тилагим, менинг мақсадим битта — оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар! Нега деганда, аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир».

Давлат раҳбарининг 2 мартдаги қарорига мувофиқ бу йил янги тартиб асосида 28 нафар фаол қизлар Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Тадбирда ана шу мукофот тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, 7 март куни Президент аёллар, опа-сингилларга қувонч улашган яна бир ҳужжат — «8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Ишлаб чиқариш тармоқлари, тадбиркорлик, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёллар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Тадбирга мамлакатда фаолият юритаётган дипломат аёллар, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, АҚШ, Хитой, Франция, Миср элчиларининг ҳам таклиф қилинди.

 Байрам санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан давом этди.