Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жамият
  3. Миллий хавфсизлик хизмати 22 ёшли террорчининг режасини фош этди

Миллий хавфсизлик хизмати 22 ёшли террорчининг режасини фош этди

Cана : 14-03-2018   /   Жамият, Ҳуқуқ   /   кўрилди: 308

Миллий хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси томонидан Марғилон шаҳрилик Абдулбосит Аҳмаджоновнинг террорчилик ҳаракатларини амалга ошириш режаси фош этилди.

Абдулбоситнинг отаси Камолиддин ака 2012 йилнинг сентябрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳри Кадикуй туманида кўп қаватли уйларнинг подъездини тозаловчи бўлиб ишлаётган вақтида оиласини, яъни хотини ва фарзандларини Истанбулга кўчиб келишга кўндиради. Абдулбосит қонунга зид равишда, виза рухсатномасини олмасдан Украинага, у ердан Истанбулга етиб келади, отаси билан подъездларни тозалаб тирикчилик қилади. Кейинроқ бу оила Туркиянинг Бурса шаҳри Ота-турк маҳалласидан қўним топади.

Эл кўзидан йироқлашган Абдулбосит Истанбулда дўст танлашда қаттиқ янглишади. Озиқ-овқат дўконида ишловчи наманганлик Билолиддин Розиқов билан (Туркияда "Билол”, Сурия давлатида "Абу Умар” лақаби остида фаолият юритган) танишиб, бир-бирларига телеграмм ёзишмалари орқали дўстлашишади. Билол дўстига Сурияда "Тавҳид ва жиҳод” террористик гуруҳи сафига қўшилганини айтади ва телеграмм орқали қурол кўтариб турган фотосуратларини юборади. Абдулбосит Сурияга кетиш режасини қандай амалга оширишни билмай иккиланиб турганда бало-қазодай бўлиб "Раҳматилло” исмли ўзбек йигити қаршисида пайдо бўлади.

Сирти силлиқ, аммо ичи кин ва фитнага тўла гапларнинг таг-заминига етиб улгурмаган ғофил бола бу баттол кимсага ипсиз боғланади. Ва у интернет орқали юборилган жиҳодга оид дарсликлар билан танишиб, Суриядаги жанговар ҳаракатлар акс этган видеороликларни томоша қилиб, жангарилар гуруҳига қўшилишга қарор қилади.

2016 йилнинг январь ойида ота-онасидан яширинча уйдан чиқиб кетади. "Раҳматилло”нинг кўмаги остида Хатай шаҳрига қатновчи автобусга чиқиб Сурияга йўл олади. Буни қарангки, Сурия ҳудудида ҳам уни "Исо” исмли ўзбек йигити кутиб олади. Суриянинг Халаб минтақасига яқин ҳудудда "Охун” исмли шахснинг қўлига топширади. Шу тариқа у "Абу Салоҳ” исмли шахс бошчилигидаги террористик гуруҳ жангарилари сафига киради.

Абдулбосит террористик гуруҳга қарашли лагерда жанговар тайёргарлик курсида ҳарбий машғулотларда сабоқ олади. Хусусан, қуролларнинг техник характеристикаси билан танишади. Уларни қисмларга ажратиш, тозалаш ва йиғиш, ўқлаш, мазкур қуроллардан мустақил равишда отиб кўришни ўрганади. "Тойота” русумли автомашина устига ўрнатилган қуроллардан ҳам жанг вақтида фойдаланишни ўзлаштиради.

Бир ҳовуч бойликка эга бўлиш мақсадида кўр-кўрона бировга эргашиб, мараз намойишларда "фаол” иштирок этиб, юзини қора қилиб, ота-онасини тириклайин "гўрга киргизиб”, боз устига элнинг лаънатига учраб ҳаётдан нима маъно топди экан? Бу орада террорчининг онаси интернет орқали ўғли билан мулоқот ўрнатади ва Туркияга қайтиб келишни талаб қилади. Абдулбосит эски гумаштаси Билолдан ёрдам сўрайди.

– Туркияга қайтишингиз учун албатта ёрдам бераман, қадрдоним, – дейди Билолиддин Розиқов. – Фақат махсус топшириқ бор. Яқинда гуруҳ етакчилари томонидан Россия Федерацияси ҳудудида портлаш содир этиш бўйича буйруқ берилган. Шу буйруқни бажарсак, мукофоти нақд, нима дейсиз?!

Абдулбосит бу шартга ҳеч бир эътирозсиз рози бўлади. Билол эса унга бир неча ой давомида "Мутаффажирот” номли курсда портловчи қурилмалар тайёрлашни ва уларни ҳаракатга келтиришни ўргатади. Ўқув машғулотлар ниҳоясига етганда келишувга асосан Билол Абдулбоситга Туркияга келишини тайинлайди:

– Истанбулга келишингиз билан мана шу телефон рақамига қўнғироқ қиласиз. Сизга паспорт тайёрлаб қўйишади. Россияга чиқариб юбораман. У ерда сизни кутиб олишади, бир хонадонга жойлашасиз. Асосий вазифангизни яхши биласиз. Хонадонда сизни кутиб олган одамларга портловчи қурилмалар тайёрлаб берасиз. Улар қурилмаларни сумкаларга жойлаштириб, белгиланган жойларга қўйишади, тушундингизми?!

Билол Абдулбоситга йўл харажатлари учун 100 АҚШ доллари беради. Абдулбосит айланма йўллар орқали араб миллатига мансуб шахслар ёрдамида Туркиянинг Хатай шаҳрига кириб келади. Шу куни шаҳардаги автовокзалда Истанбул шаҳрига отланаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қўлга олинади, уни шахси аниқланмаган фуқароларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштиришади. Ниҳоят 2017 йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон ҳудудига "Истанбул – Тошкент” йўналишидаги авиарейс билан мажбурий тартибда чиқариб юборилади.

Хўш, бу йигитнинг жиноий хатти-ҳаракатларини қандай куч қўллаб-қувватлаган эди, у қандай қилиб жиноят оламига ҳайиқмай кириб борди. Албатта бу куч интернетдаги ўргимчак тўри. У 2014 йил охирларида ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтиб, турли диний экстремистик ва ақидапарастлик мазмунидаги видеороликларни тарқатиб келди. Носоғлом тарғибот намуналарини профил фойдаланувчиларга тарқатади. Виртуал жамоатга бошқа шахсларни аста-секин жалб қила бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосасига кўра, Абдулбосит Аҳмаджоновнинг профилида сақланган ва тарқатилган диний материаллар ҳақиқатан ҳам "Тавҳид ва жиҳод” гуруҳига тегишли эканлиги, улар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга қаратилганлиги, мамлакатимиздаги жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар жумласига кириши, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқлангани аниқланган.

Суд жараёнида Абдулбосит айбига иқрор бўлган ҳолда, Суриядаги "кечмишларини” батафсил сўзлаб бераркан, бу воқеалар баёнини жангарилар сафида юрган ўзбек йигитининг онаси ўқиб кўрса, агар унинг қалби бедор бўлса, бутун вужуди титрайди, бола эмас, балони дунёга келтириб, вояга етказгани учун афсус-надоматлар қилади. Дарвоқе, Абдулбосит ўз баёнида онаси билан интернет орқали гаплашиб турганини айтиб, отаси уни оқ қилиб юборгани учун у билан гаплаша олмаётганини қайд этади. Шу ўринда айтингчи, отасига оқ бўлган фарзандни нима деб аташ мумкин?!

Суд ўзининг адолатли ҳукмини эълон қилар экан, жиноятчининг жиноий қилмишларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир нечта моддаларига асосланиб баҳолади. Абдулбосит Аҳмаджоновга 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Маҳкум жиноят кўчасига кирганида 16 ёшда эди, ҳали вояга етмаган, оқ-қорани ажратиб улгурмаган, Ватан, ота-она қадрини англамаган ўсмир эди. Қўлига қурол тутганида, тун кўксини ёриб осмонларга ўқ узганида кўзи қонга тўлган, юрагидан "шайтон ўсимлиги” униб чиққан қайсар ва манқурт жангарига айланиб бўлганди. Бугун у маҳкум, қисматининг чигал ришталарида тириклик завқи, ҳаёт сурури, яшамоқ саодати, энг муҳими, тинчлик неъмати бандидан узилаётган япроқ сингари титраб турибди…
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!