4-сектор раҳбари билан учрашувда 25 нафар ёшга кутилмаган совғалар топширилди

4-сектор раҳбари билан учрашувда 25 нафар ёшга кутилмаган совғалар топширилди

“Жиззах пластмасса заводи” АЖда 4-сектор раҳбари Юнусжон Насимджанов “Ёшлар ойлиги” доирасида вилоят ёшлари билан учрашди. Заводнинг ишчи павильонида ташкил этилган студияда 40 нафардан зиёд ёш тадбиркорлар, “Zoom” платформасида орқали барча туманлардан 400 нафардан ошиқ ёшлар иштирок этдилар.

 

“Ёшлар иттифоқи” вилоят кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган учрашув очиқ мулоқот, интерактивлик руҳида ўтди.  Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимджанов ўз сўзида секторда ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида  амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

4-сектор ҳудудида аҳолининг 89 минг нафарини ёшлар ташкил этади. Жорий йилда 4310 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида режа-график тузилган. Жумладан, қишлоқ хўжалигига 1634 нафар, қурилиш отрядларига – 520 нафар, тадбиркорликка 938 нафар ёшларни ёки 73.6% ни жалб қилиш ишлари режага мувофиқ амалга оширилаяпти.  Вилоятимизда ёш якка тартибдаги тадбиркорлар сони 4524 нафар бўлиб, тўртинчи сектор ҳудудида уларнинг сони 262  нафардир. Бу турдаги тадбиркорликнинг афзалликлари кўп. Юнусжон Насимджонов янги Солиқ кодексида улар учун берилган енгилликлар хусусида батафсил тушунтириш берди.

- Тадбиркорлик ўзи ва ўзгалар учун янги иш ўринлари яратиш билан бирга бюджетга солиқ  тушумларини кўпайтиргани учун ҳам ҳурматга лойиқ фаолиятдир, - деди нотиқ.

Учрашувда “Жиззах пластмасса заводи” АЖ директори, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссияси раиси  Элёр Тўрақулов сўзга чиқиб, вилоятда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бажарилаётган ишларга тўхталди.

Иштирокчилар тадбиркорлик фаолиятида дуч килаётган муаммо ва масалалар бўйича 4-сектор раҳбари ва Марказий банк вилоят бошқармаси вакилларига мурожаат қилдилар. Барча мурожаатлар бўйича аниқ рўйхат шакллантирилиб, ҳал этиш бўйича масъул ходимлар бириктирилди.

 Жумладан, Ғаллаорол туманида яшовчи Ёдгора Абдусаматова оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит олишда ёрдам сўради.  Учрашувда Ёдгора сингари тадбиркорлик остонасида турган, бироқ кредит олишда муаммоларга дуч келаётган 15 нафар ёшлар учун кутилмаган совға тайёрланган эди. Уларга банкларнинг имтиёзли кредитларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Ёдгора ҳам 10 млн. сўмлик кредит сертификатини қўлга киритиб, тикув машиналари харид қилишини билдирди.

22 ёшли Олтиной Тоғаевага “Кимёгар қоп” МЧЖга ишга қабул қилингани ҳақидаги буйруқ нусхаси тантанали равишда топширилди. Унинг қувончи турли ташкилотларга ишга қабул қилинган 6 нафар ёшларнинг юз-кўзида ҳам балқиди.

Тадбирда, шуннигдек, 4 нафар ёшларга  юридик шахс ташкил этилгани ҳақида гувоҳнома топширилди. Тадбиркорликни бошлаш арафасидаги ёшларга намуна сифатида юридик шахс ташкил этиб, солиқларни ўз вақтида тўлаётган ёш тадбиркорлар вилоят ДСБ бошлиғининг ташаккурнома ва қимматли совғалари билан тақдирланишди.

Учрашувдан сўнг завод бўйлаб инфо-тур ташкил этилди. Ёшлар маҳсулотлар кўргазмаси, ишлаб чиқариш жараёнлари  билан танишдилар.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Тўхтамишев иштирок этди.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати