Эшак гўштини еганлар нима қилсин, динимизда бунга қандай қаралади?

 

Самарқанд вилоятидаги "эшаклар қабристони”, Фарғонада эшак гўшти билан шуғулланувчи "тадбиркор”нинг кирдикорлари, "Шаршара” можароси ва бошқа шунга ўхшаш нохуш ҳолатлар ОАВда кўп бора муҳокама бўлди.
 Бу ҳақда ЎзА нашри ёзмоқда.

Айрим хўрандалар орасида эса мазкур мунозара ҳамон давом этмоқда... 

Муқаддас динимизда эшак гўшти ҳаромлигига очиқ-ойдин далиллар бор. Замонавий тиббиёт ҳам унинг зарарларини исботлаган. 

Қуръони каримда эшакнинг гўшти-ку у ёқда турсин, ҳатто унинг овози ҳам ёқимсиз экани айтилади: «(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир» (Луқмон сураси, 19-оят). 

Ҳадиси шарифларда эса эшакнинг овозини эшитганда, Аллоҳдан паноҳ тиланглар. Чунки эшак шайтонни кўрганда ҳанграйди (Имом ибн Ҳиббон ривояти), дейилади. 

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадис эшак гўшти ҳаромлигига очиқ-ойдин далилдир. Хайбар фатҳи куни қишлоқдаги эшаклар қўлга киритилиб, айримлари сўйиб пиширилади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни улардан қайтарурлар! Албатта, улар ифлосдирлар, шайтоннинг амалидирлар!» деб нидо қилдилар. Бас, эшак гўшти қайнаб турган қозонлар ағдариб ташланади» (Имом Бухорий ривояти). 

Бошқа ривоятларда айтилишича, одамлардан баъзилари Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига келиб, эшаклар ейилмоқда, деб икки марта хабар берган. Учинчисида эса эшаклар битирилмоқда, деб айтган. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу)га одамлар орасида: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расули сизларни улардан қайтарурлар! Албатта, улар ифлосдирлар, шайтоннинг амалидирлар!», деб жар солишни буюрдилар. 

Бу нидони эшитган кишилар эшак гўшти қайнаб турган қозонларни ағдариб ташлашган. Шу билан масалага чек қўйилди. Аммо кейинчалик, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафот этганларидан сўнг бу масала яна қўзғатилганда, мазкур амрни ҳар ким ҳар хил тушунган. 

Айримлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эшаклар улов сифатида ўша пайтда зарур бўлгани учун уларнинг гўштини ейишдан қайтардилар, дейишса, бошқалар эса эшаклар ифлос бўлгани учун уларнинг гўштини ейиш ман этилди, деган фикрга боришди. Яна кимлардир Пайғамбаримизнинг бу буйруқлари муайян вазият учун эмас, балки доимийдир, дейишди. 

Охири, бу масала бўйича ҳал қилувчи сўзни айтиш учун Саъид ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу)га мурожаат қилинди. У киши Расулуллоҳнинг бу амрлари доимийдир, деб айтди ва ихтилоф барҳам топди. 

Ҳадиси шарифда: «Огоҳ бўлинглар! Сизларга хонаки эшаклар, барча озиқ тишли йиртқич ҳайвонлар ҳалол эмас” (Имом Термизий ривояти), дея таъкидлангани ҳам барча қарашларга узил-кесил чек қўйди. 

Тиббий жиҳатдан ҳам, диний жиҳатдан ҳам зарарлари айтиб ўтилган эшак гўштини бугунги маъмурчилик даврида, ҳалол гўшт (қуён, қўй, қорамол, от, туя ва ҳоказо)лар қаторида онгли равишда сотганлар гуноҳкорлардир. 

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар». Демак, шу пайтгача эшак гўшти қўлланилган айрим ошхоналарда таом тановул қилган кишилар билмаганлари учун уларга зарар йўқ. 

Халқ тилидаги: "Меҳнати ҳалол, ўзи ҳаром”, деган сўз мавзумизга хулоса бўла олади. 

Т.Низомов
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 13-04-2018, 12:10
0
19

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига