Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жамият
  3. Ўз боласини ўлдирган она қандай муҳитда туғилган, улғайган ва яшаётган эди?

Ўз боласини ўлдирган она қандай муҳитда туғилган, улғайган ва яшаётган эди?

Cана : 16-04-2018   /   Жамият   /   кўрилди: 321

 

Ўтган ҳафта интернет оламини оёққа қалқтирган, ўзбекистонликларни оғир қайғуга солган ва қаҳрлантирган «ўз боласини бўғиб ўлдирган аёл» тўғрисидаги хабарлар тарқалди.

ЎзЛиДеП вакили Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг Маъмуробод ва Норбўта маҳаллаларига бориб, асл вазиятни — қотил она Саида туғилиб-ўсган муҳитни ўрганишга уринди. Қуйида мақоладан парчалар келтирамиз.

«Ҳали одил суднинг ҳукми янграмагани, тергов-суриштирув ишлари давом этаётганини инобатга олиб, сиз азизлардан дарҳол хулоса қилмасликни сўраб қоламиз», — дейилади мақолада.

...Андижоннинг оддий қишлоқ хонадони. Бир вақтлар бу уйда шодлик, бир дунё орзулар ҳукмрон эди. Оила соҳиблари Мурод ва Бахтиёрхон икки фарзанди камолидан хурсанд, рўзғор ташвишлари билан андармон. Мавсумий иш билан банд ота танишларининг кўмаги билан Россияга ишлаш учун кетди-ю, турмуш камлари учун имкон топа бошлади. Энди уйда жуда кам бўладиган, фарзандлар тарбиясини аёлининг бир ўзига ишонган, керак вақтда дилбандларига ота мақоми билан тарбиядан сабоқ бера олмаган Мурод Ибрагимов, эҳтимол, бугунги разолатни тахмин қила олганида, қабоҳатнинг энг катта калтаги бошида синмаган, қизи Саида ўз боласининг қотилига айланмаган бўлармиди?! Уй бекаси бўла туриб қизининг феъл-атворини муносиб баҳолай олмаган, боласининг кўнглида не ўй-фикр, хаёлида қай режа борлигини сезмаган, қизининг бежо қадамларига вақтида дакки бера олмаган, «чиғириқдан чиққан» қизи билан дардини бўлиша олмаган, иллатнинг илдизини англамаган она — Бахтиёрхон Мамадалиеванинг бугунги кўз ёшлари энди кимга керак?! Аслида она қизи учун энг яқин сирдош, ҳамфикр, ҳамдўст, тўғри йўлга бошловчи маслакдош эмасми? Саидани илк бор ўғирликда айблаган мактаб мутасаддиларини силтаб ташлаб, қизининг айбини баҳона ортига беркитиб, вақти келиб илк хатоси исботланганида ҳам мулзам тортмаган онани мурғак гўдак ўлимида биринчи айбдор дейишга ҳақли эмасмизми?! Яратганнинг инояти бўлган фарзандлари тақдирига лоқайд, пул топишни асосий ўринга қўйиб, оила бағрини кейинга сурган, қизи ёки ўғлининг қизиқишлари, ўй-хаёллари, феъли-атвори билан қизиқмаган отани айб­ламаслик мумкинми?! Ёки қўшнисининг ҳали мактабда 7-синф ўқувчиси бўлган қизи илк бор яқин вилоятга «ўйинқароқлик билан кетиб қолгани»га бефарқ қараган, мактабда ўғирлик қилганида четдан ғийбат қилиш билангина чекланган маҳалладошларни оппоқ деб бўладими?!

Кечагина қишлоқнинг тупроқ кўчаларида жамалаксоч дугоналари билан тўптош, копток, бекинмачоқ ўйнаган қизалоқнинг улғайгани бўй чўзганида, остонасини совчилар супура бошлаганида билинади, одатда. Бироқ Саида ўзининг улғайганини жуда эрта билдирди. Мактабнинг юқори синфида ўқиётганидаёқ тенгдошларига нисбатан дадиллиги, вояга етаганини кўрсатишга уриниши каби салбий жиҳатлари билан ўқитувчилари даккисига сабаб бўла бошлади.

Ўшанда 7-синф ўқувчиси бўлган қизалоқ ҳеч ёмонликдан қўрқмай, тап тортмай Фарғонага «айлангани» кетганида онасининг, атрофдагиларнинг кўзи қаерда эди?

Айтишларича, ўшанда маҳалла, мактаб мутасаддилари оилани ўртага олиб, тушунтиришга роса уринишган. Аммо калтак қаттиқроқ тегмаган кўринади...

Маъмуробод маҳалласидан Норбўта маҳалласига келин бўлиб тушган Саида оила аталмиш муқаддас даргоҳни ҳам назарга илмади. Қайнонаси Нурхон Ризаева кундошликнинг аччиқ аламини ютган, тақдирнинг минг бир синовларига бардош берган, биттагина ўғлининг камоли учун астойдил ҳалол меҳнатдан қочмаган, ҳаёт зарбаларига дош беравериб хасталик орттирган ювошгина бева аёл эди. Бу хонадон маҳалладаги намунали оилалардан, айни кунгача кўчага гапи чиқмаган.

Оилада туғилган гўдак энди келиннинг қуролига айланди. Боласи икки ойлик чақалоқ пайтидаёқ мудҳиш ишга қўл урди. Эри билан ажрашишни талаб қилди. Келинини инсофга ундаган қайнона пўписага учради. Ташқарига чиққан вақти Саида ўз норасидасини юмшоқ ёстиқ остига тиқди — ваҳшийлигини охирига етказишга улгуролмади. Тўсатдан нимадир ёдига тушиб кириб қолган қайнонаси дод солганича набирасини ёстиқ остидан тортиб олди. Саи­да эса бир туки қилт этмай, боласини бекор қутқарганини, аслида шу гуноҳни қайнонаси ва эрининг гарданига қўймоқчи бўлганини айтди. Уларни барибир қайсидир айб билан қамоқда чиритишини пўписа қилди.

Орадан ўтган вақт Саида учун аҳамиятсиздек бўлди. Унга «келди-кетди» номини маҳалладагилар билиб қўйишган. Ота уйига кетавериб, ортга қайтавериб, икки хонадонни ҳам зада қилиб юборгани аниқ. Ўз нафсининг қулига айланган Саида учун эрдан ҳам, қайнонадан ҳам қутулиш осон эмасди. Олти ойлик чақалоғидан яна фойдаланишга қарор қилди.

Эри онаси билан бошқа хонага ўтирган маҳал ўз хонасида боласининг бешигига ўт ёқди-ю, эшикка қулф солиб, ўғилчаси Фирдавсбекни қўлтиғига қисганча ҳовлидан чиқиб кетди.

Тутун иси бутун ҳовлини тутганида Нурхон ая ва Иқболжон жон ҳолатда ичкаридан чиқишади. Эшик қулфини аранг очган Иқболжоннинг фиғони фалакка ўрлади... аланга ўчирилди. Она-боланинг жасади ҳам топилмагач, қидирувга берилди. Ҳатто маҳаллий телевидениедан ҳам эълонлар узатила бош­лади. Кунларнинг бирида Саида номаълум рақамдан қўнғироқ қилади. Бир неча шартлардан сўнг Иқболжон у билан фарзанди учун яшашга рози бўлади. Ўғли икки ёшга етганида улар қизли бўлишди. Аслида қиздан ҳам, ўғилдан ҳам қисмаган Яратганга ҳар лаҳза шукр айтиб яшаши керак бўлган она иллатга янада қаттиқроқ бўйин эгди. Ота уйга аразлаб кетишлар кўпайди. Келинлик уйига «итармаган», турмуш муштларига чидаш кераклигидан сабоқ бериш, қизини койиш ўрнига она ҳам унга хайрихоҳ бўлгани Саидага куч берарди.

Қизчаси беш ойлик бўлганида, ногаҳон иситмалади-ю, бир туннинг ўзида қайта кўзини очмади. Аммо Саида бундан хулоса чиқармади. Дафн маросимини ўтказиб, яна ота уйига қайт­ди. Эр зада, қайнона безиллайди. Аввалига оилани яраштиравериб чарчаган икки маҳалла энди ўз ҳолига ташлаб қўя қолди.

Шу йилнинг 2 апрель куни Қўқон шаҳрининг Туркистон кўчасида жойлашган бино олдидаги арча дарахтлари тагидан 3 ёшли ўғил боланинг жасади топилгани тўғрисидаги ахборот жуда тез тарқалди. Кўп ўтмай қотил онанинг «пушаймонлик» интервьюси интернет сайтларида айлана бошлади:

"Болани ташлагани тошкентдан қайтиб келдим. Учкўприкка ташлагани келсам, опа йўқ экан. Кейин уни машинада Андижонга юбормоқчи эдим, аммо бола унамади. Кейин буни қайга олиб бораман , ишлашим керак, менга жой йўқ буни қаерга қолдираман, деб ўйладим ва боламни ўлдиришга мажбур бўлдим...

Уйга қайтай десам аям киритмасди. Дадам қабул қилиши мумкин эди, аммо аям киритмас эди, барибир бола кўчада хор бўлиб ўларди. Ўлдирганимдан кейин бағримга босиб ўтирдим, кечирим сўрадим..."

Буни ўкинч ёки надоматга тўла сўзлар деб бўлмайди. Тўққиз ой вужудида кўтариб юриб, етмиш икки томири жон тортишиб, икки дунё оралиғида қолиб, бу ёруғ оламга келтирган гўдагига ўз қўли билан ўлим ҳукмини ўқиган онанинг афсусланаётгани энди мутлақо ишонарсиз. Унинг кўзларига боқдингизми? Нигоҳларидаги бепарда совуқлик этни жунжиктиради, аянч нишонаси кўринмаган қорачиқлар сизга надоматдан сўзламайди, аксинча, кўнгилда «Эсиз, аёллик, эсиз, оналик, ҳайф сенга берилган ҳаёт», деган хаёл ўтади.

Иллатнинг илдизи аслида Саиданинг бебош болалиги ўтган оилада, илк хатоларига жим қараб турган маҳалласида, танбеҳ бериб йўлга солиш ўрнига бўш-баёв куёв ахтарган қариндош­ларида, керак бўлса маҳалла, Хотин-қизлар қўмитасининг туман бўлими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўзаро ҳамкорлигининг мустаҳкам эмаслиги, жамоатчилик назоратининг сустлигида эмасми?..

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!