Пандемиянинг Ўзбекистон ҳудудлари иқтисодиётига таъсири рақамларда

Пандемиянинг Ўзбекистон ҳудудлари иқтисодиётига таъсири рақамларда

 Сурат манбаси: centralasia.news

Давлат статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг I-ярмида (январь-июнь ойларида) пандемиянинг Ўзбекистон ҳудудлари иқтисодиётига таъсири турлича бўлган. Ушбу даврда Андижон, Навоий ва Наманган вилоятларида нисбатан юқори ўсиш суръатлари кузатилган бўлса (3% дан 5% гача), ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда (солиштирма нархларда) Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари иқтисодиётининг умумий кўрсаткичларида пасайиш кузатилган. Айниқса, сўнгги иккита вилоят иқтисодиёти пандемиядан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар бўлиб қолмоқда. Сирдарё вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) 3,1 фоизга, Самарқанд вилоятида эса 3,9 фоизга камайган. Бироқ, Қашқадарёда ЯҲМнинг кетма-кет иккинчи йил пасайиши кузатилмоқда.

ЯҲМнинг пасайиши кузатилган 4 та ҳудуд – Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари республика ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг шаклланишида жами 30,4 фоизни ташкил қилади.

Пандемиянинг республика иқтисодиётига таъсири қуйидаги кўрсаткичда кўпроқ сезилади. Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ (ЯҲМ) олиб қаралганда, мамлакат ҳудудларининг ярмидан кўп қисмида ушбу кўрсаткичнинг пасайиши кузатилган.

Ҳар бир ҳудудга оид жорий йилнинг I-ярмида кузатилган асосий иқтисодий кўрсаткичлар, жумладан ЯҲМнинг иқтисодий тармоқлар бўйича таркиби ва уларнинг ўсиш суръати билан қуйидаги инфографикаларда танишинг: