Ўқитувчининг маоши ошгани яхши, бироқ...

 

Кейинги пайтда «ўқитувчиларнинг маоши ошармиш» деган миш-мишлар кўпаймоқда. Бундай режа бўлса ва амалга ошса, устоз ва мураббийлар учун яхши албаттааммо бошқа бир мулоҳаза ҳам бор.

Ўтган йили Президентимиз турли соҳа вакилларининг муаммоларини эшитиб, уларни тез ва соз бартараф этиш йўлларини ҳам таклиф ва мулоҳазалар асосида жамиятга татбиқ этгани кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. Халқ таълимида сифатга эришмоқ учун соҳа мутасаддиларига мактабларда 10- ва 11-синфларни қайта тиклаш, янги дарсликларни нашр этиш, ўқитувчиларни моддий-маънавий рағбатлантириш, ўз устида кўпроқ ишлашга имконият яратиш, уларни унча зарур бўлмаган ҳужжатлардан озод қилиш ва бошқа шу каби муаммоларни бартараф этишнинг мақбул йўлини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Менимча, радио, телевидение ва матбуотдаги чиқишларда ушбу мавзуга дахлдор мураккаб масалалар орасида асосий бир муаммо назардан четда қолиб келади. Таълимда сифатга эришмоқ учун биринчи навбатда синфда ўқувчилар сонини анча камайтириш лозим. Ҳозир ҳар бир синфда 35-40 нафаргача ўқувчи таълим олади. Бу рақам коллеж ва лицей гуруҳларида сал камайиши мумкин. Бироқ уларда ҳам бир гуруҳда 28-30 ўқувчи бўлади.

Модомики, биз ривожланган давлатлар сафидан ўрин олишга интилаётган эканмиз, ёшларга билим беришда ўша давлатлардан ўрнак олишимиз керак. Японияда бир синфда 12 та бола, ихтисослашган мактабларда эса 9 та бола таҳсил олар экан.

Эҳтимол, у ерда хусусий мактаблар кўплиги учун ўқувчилар сони камдир. Ҳар ҳолда бир синфда ўқувчи сони қанча кам бўлса, таълимда шунча юқори сифатга эришиш мумкинлиги педагогика тарихидан яхши маълум. Демоқчиманки, бизнинг шароитимизда бошланғич синфларда 20 нафар, юқори синфларда эса 25 нафар ўқувчи бўлиши лозим. Биз шу тизимга ўтсак, ҳеч шубҳасиз таълимда маълум ютуқларга эришамиз.

Бир синфда 40 нафар ўқувчи бўлса, ҳеч бир муаллим уларни саводли қилиб тарбиялай олмайди. Болаларимизнинг ҳозирги билими талаб даражасидан анча паст. Ўқувчилар олий ўқув юртига мактабдан олган билими эвазига эмас, ота-онаси репетитор ёллагани эвазига ўқишга кирмоқда. Ишончим комилки, синфда бола сони оз бўлса, ўқишга кирувчилар сони кескин кўтарилади. Қўшимча дарсга, ёлланма муаллимга эҳтиёж қолмайди.

Абдураҳмон Пиримқулов, Ангрен шаҳридаги 33-мактабнинг олий тоифали ўқитувчиси.

Манба: Xabar.uz

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 15 06 2018 йил
0
137

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига