Жиззахда тадбиркор фаолиятини ноқонуний текширган ветеринария бўлими бошлиғи жазоланди

Жиззахда тадбиркор фаолиятини ноқонуний текширган ветеринария бўлими бошлиғи жазоланди

Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида тадбиркорни текшириш давомида қонунчиликка риоя этмаслик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман матбуот хизматига таяниб «Kun.uz» хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2020 йилнинг май ойида Зафаробод туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ш.Жумашев ва бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ходимлари Жиззах вилоятида фаолият юритаётган «Саодат она» МЧЖнинг фаолияти юзасидан текширув ўтказган.

Текширув Зафаробод туман ҳокимининг қарори асосида, туманда ердан самарасиз фойдаланиш ҳолатларига барҳам бериш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар масъулиятини ошириш мақсадида ўтказилган. Масъул ходимлар тадбиркор томонидан қонун талабларига риоя этилишини таъминлаб, аммо ўзлари текширув ўтказиш тартибига риоя этмаган.

Ноқонуний текширувларнинг олдини олиш мақсадида 2018 йилда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими ишга туширилган ва ушбу даврдан сўнг тадбиркорлар фаолиятидаги барча текширувлар назорат қилувчи органлар томонидан ушбу тизимда рўйхатга олиниши шартлиги белгиланган.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

«Саодат она» МЧЖнинг фаолиятида текширув ўтказган масъуллар мазкур текширув тадбирларини Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олмаган ва шунга кўра ўтказилган текширув ноқонуний ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Бизнес-омбудсман томонидан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси номига тақдимнома киритилган. Натижада Зафаробод туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ш.Жумашевга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси (интизомий чоралар) 1-банди билан интизомий жазо чораси кўрилган.