Илон Маск Цукербергни ортда қолдириб дунёнинг энг бой одамлари учлигидан жой олди

Илон Маск Цукербергни ортда қолдириб дунёнинг энг бой одамлари учлигидан жой олди

Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск Bloomberg маълумотига кўра, дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида учинчи ўринни эгаллади, дея хабар бермоқда «РБК».

Қайд этилишича, америкалик тадбиркор ҳозирда 115,4 миллиард долларга эга. У 110,8 миллиард долларга эга бўлган Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукербергни ортда қолдирди.

Рўйхатнинг бошида Amazon раҳбари Жефф Безос, кейин Microsoft асосчиси Билл Гейтс турибди. Bloomberg Безоснинг бойлигини 200 миллиард, Гейтснинг бойлигини 125 миллиард долларга баҳоламоқда.

49 ёшли Маскнинг бойлиги бу йил 87,8 миллиард долларга ўсди. Бунга сабаб Tesla акциялари нархи йил бошидан бери қарийб 500 фоизга кўтарилган.

Сайёрадаги энг бой одамнинг собиқ рафиқаси Маккензи Скотт, Bloomberg маълумотларига кўра, дунёдаги энг бой аёлга айланди. У 66,4 миллиард долларга эгалик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Илон Маск 10 июль куни дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 7-ўринга, 20 июль куни 5-ўринга ва 17 август куни эса 4-ўринга кўтарилган эди.