Термизда 2 ёшли ўғлини 50 млн сўмга сотмоқчи бўлган эркак ушланди

Термизда 2 ёшли ўғлини 50 млн сўмга сотмоқчи бўлган эркак ушланди

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида икки ёшли ўғлини 50 миллион сўмга сотмоқчи бўлган 28 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабар берилишича, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшайдиган Зулайҳо Шодиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат этиб, Денов туманида яшовчи 28 ёшдаги Пўлат Чориев икки ёшдаги фарзандини 50 миллион сўмга сотмоқчи эканини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари ўтказган тадбир чоғида Термиз шаҳридаги «Малика» ресторанида Пўлат Чориев вояга етмаган фарзандини Зулайҳо Шодиевага 2500 доллар ва 24 250 000 сўмга сотган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Айни пайтда Пўлат Чориевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси, 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида 23 июнь куни 2020 йилнинг май ойида туғилган чақалоқни 18 минг долларга сотмоқчи бўлган аёллар қўлга олинганди. Навоийда 23 кунлик чақалоғини 3 миллион сўмга сотмоқчи бўлган аёлга жиноий иш очилганди.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда 13 ёшли фарзандини 15 минг долларга пуллаётган аёл қўлга олингани, Хоразмда 2 ёшли фарзандини 7700 долларга сотмоқчи бўлган аёл қўлга тушгани ҳамда Навоийда 3 ойлик боласини 3 хонали уйга алмаштираётган аёл ва унинг отаси жиноят устида ушлангани ҳақида хабарлар берилган эди.