Хотирангиз - абадий қалбимизда

Хотирангиз - абадий қалбимизда

Биз устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз. Мен ҳам ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чунки ҳаммамизга ҳам шу муаллим сабоқ ва таълим бериб, меҳрибон ота-оналаримиз қаторида тарбиялаган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир.

Мана шундай беқиёс бойлик посбони, келажак бунёдкори бўлган бу мўътабар зот Абдуваҳоб Қиличев бугун орамизда йўқ.

Абдуваҳоб Қиличев энергетика тизимидаги илк меҳнат фаолиятини 1974 йили Ғаллаорол ТЭТда электромонтёрлик вазифасидан бошлаб, 1975-1981 йиллари Тошкент Политехника олийгоҳида таълим олиб, яна 1983 йилдан Ғаллаорол ТЭТда абонент гуруҳи нозири, муҳандис, 1995-2001 йилларда Жиззах вилоят электр тармоқларида энергоназорат бўлими бошлиғи, 2001 йилдан ҳозирги кунга қадар «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари» АЖда ШЭТ бошлиғи, Молия ва энергосотиш бўйича, Умумий масалалар бўйича бошқарув раиси муовини, Ходимларни бошқариш бўлими бошлиғи, Маънавий-маърифий ишлар сектори бошлиғи ҳамда муҳандис вазифаларида фаолият кўрсатган эди.

У киши бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонасида энергетика йўналишида масъул эди. Соҳа  бўйича кўпгина муаммоларни ижобий ҳал этиб, халқимизга хизмат кўрсатди.

Энергетика тизимидаги 37 йилдан ортиқ вақт давомида ҳалол меҳнат қилган. Вилоятимиз нурчилари ўртасида ҳурмат-эътиборга эга инсон эди. Кўп йиллик меҳнат тажрибасини, бор билимини ёшларга ўргатиб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Ўз касбининг моҳир устаси, ҳақиқий энергетик ва олижаноб инсон эди. «Ўзбекистон энергетикаси фахрийси» сифатида нурчиларнинг устози саналарди.

Аммо, бевақт ажал у инсонни орамиздан олиб кетди.

Халқимиз эл-юрт учун жон куйдириб ишлаган, шу улуғ йўлда умрини тиккан фарзандларини ҳамиша эъзозлаган.

 

Орадан йиллар, асрлар ўтади. Абдуваҳоб Қиличевнинг энергетика соҳасида қилган фидойи хизматларини, ҳалол ва покиза номини соҳамиз ходимлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва истеъмолчилар ҳеч қачон унутишмайди. Сиз ҳамиша барчамизнинг қалбимизда яшайсиз.

 

«Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси»

АЖ Матбуот хизмати