Андижонда мактаб ўқувчилари устки кийимсиз совуққа олиб чиқилди

Андижонда мактаб ўқувчилари устки кийимсиз совуққа олиб чиқилди

Ижтимоий тармоқларда Андижонда қаҳратон совуқ бўлишига қарамай, 43-сонли мактаб ўқувчилари тадбир учун ташқарига олиб чиқилгани кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бу воқеага Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова муносабат билдирди.

— Совуқ ҳавода болаларнинг енгил кийимда кўчада туришига йўл қўйган мактаб директорининг хатти-ҳаракатини умуман оқлаб бўлмайди, — дейди А.Юнусова. — Ким келишидан қатъи назар, болалар меҳмонни кутишга бу йўсинда мажбурланмаслиги керак. Ким бунинг ташаббускори бўлса, жавобгарликка тортилиши шарт. Ушбу воқеа тегишли давлат идораларида муҳокама қилинмоқда, деб умид қиламан. Тез орада биз Халқ таълими вазирлигининг изоҳини эшитамиз. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сифатида мен Халқ таълими вазири Ш.Шерматовнинг эътиборини болаларни жалб қилган ҳолда тадбирларни ўтказишда бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўйилмаслигига қаратаман.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати жорий йилнинг 22 ноябрь куни Андижон шаҳар 43-умумтаълим мактабидаги тадбирдаги ҳолат ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ҳолат ўрганилаётгани, ўрганиш якунлари бўйича расмий муносабат берилишини маълум қилган.