2 қаватдан юқори шахсий уйлар қурилиши назоратга олинади

2 қаватдан юқори шахсий уйлар қурилиши назоратга олинади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан бошлаб, 2 қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, хусусан якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши ҳудудий қурилиш инспекциялари назоратига олинади.

Бундай объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилиши талаб этилади.

Бу – қурилиш тармоғини модернизация қилишнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган. Стратегия 27 ноябр куни президент фармони билан тасдиқланди.

Якка тартибдаги уй-жой қурилиши соҳасини тартибга солишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланади. Ҳужжатда сейсмик ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий эксперт хулосаси эксперт ташкилоти томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги «Эксперт хулосаларининг ягона реестри»га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади. Давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган лойиҳа ҳужжатлари бўйича эксперт хулосалари бундан мустасно.