Ўзбекистон ҳудудида сунъий ёмғир ёғдириш технологияси нима учун тўхтаб қолди ёки лабзидан қайтиш модага кирганми?

Ўзбекистон ҳудудида сунъий ёмғир ёғдириш технологияси нима учун тўхтаб қолди ёки лабзидан қайтиш модага кирганми?

Бугун Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Eco Box” профилида сунъий ёмғир ёғдириш технологияси юзасидан  имзоланган ҳужжатлар нусхалари жойлаштирилди. Ушбу ҳужжатлардан бирида Тошкент шаҳрида 2019 йилда ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида сунъий ёмғир ёғдириш йўли билан  сув манбаларини кўпайтириш масаласига бағишланган йиғилиш баёни” асосида лойиҳанинг самарадор эканлиги эътироф этилган. Мазкур йиғилишда Тадқиқотлар ва иқтисодиёт реал секторига инновацияларни жорий қилиш бошқармаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни  муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, “Ўзгидромет” гидрометерология хизмати маркази раҳбар ходимлари ва мутахассислари иштирок этишган. 

Кун тартибида республикамизда чўл ҳудудларида, шунингдек Орол денгизи ҳавзасида сунъий ёмғир булутларини шакллантириш, момақалдироқларнинг тарқалиши, ҳаво масасасининг тозаланиши ва азон қатлами емирилишининг олдини олувчи инновацион лойиҳа тақдимоти ўтказилган.

Биз Орол денгизини 7 йил ичида сунъий ёмғир ёғдириб, тўлдирмоқчи бўлган олим ҳақида ҳикоя қилганмиз. Шундан сўнг уни қўллаб-қувватлаш тўғрисида ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан фикрлар билдирилган эди. Бироқ айни пайтгача ушбу тадқиқотнинг самарадорлиги исботланган бўлишига қарамасдан, бюрократия, коррупция омиллари туфайли амалга ошмай келмоқда.

Ҳозирда ушбу тадқиқот учун сарфланадиган маблағ суммаси, 7 йиллик даврда сарфланадиган маблағ ҳам қўшиб ҳисоблаганда бир йилда оролни тиклаш учун сарф бўладиган пулдан анча кам миқдорни ташкил этади.

Ихтирочи Олимжон Юсупов кўп нарсага умид боғлаган эди. Жумладан, ўтган йили Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган грантга ҳам ҳужжатлар топширилган, ишчи комиссия олдида лойиҳанинг ишлаш принципи исботлаб берилган эди. Лекин грант маблағи лойиҳани амалга ошириш учун нимагадир ҳанузгача ажратилмай келмоқда. Ваҳоланки, ушбу йўналиш бўйича топширилган лойиҳалар унинг ғоясини ўзлаштириш орқали комиссияга тақдим этилган ва унинг тақдимотида ишлаш принципини тўлиқ исботлай олишмаган эди.

 

 

Хуллас ҳозирда “Eco Box” профилида эълон қилинган ҳужжатлар нусҳаларидан англашиладиган бўлинса, лойиҳани амалга ошириш учун жамоатчилик аралашуви зарурга ўхшайди. Пост изоҳида муаллиф уни кўпроқ одамлар кўриши учун  саҳифаларда улашишни илтимос қилган. Чунки ушбу ҳужжатларни ўз вақтида имзолаган масъуллар ҳозир лабзидан қайтаётганлиги маълум бўлди.