Тошкентда тўйда мақтаниш учун “пул сочамиз” деб қалбаки пул ясаганлар қамоққа олинди

Тошкентда тўйда мақтаниш учун “пул сочамиз” деб қалбаки пул ясаганлар қамоққа олинди

2021 йилнинг 23 январь куни соат 10:00ларда Тошкент шаҳри, Бектемир тумани Қўйлиқ-1 даҳасида 27 ёшли Азизбек Ж. ва Олимжон Х. таниши, 28 ёшли Талантжон Т.нинг никоҳ тўйи бўлаётгани муносабати билан тўйда ўйнаётган меҳмонларнинг устидан пул сочиш мақсадида, ўз синфдошлари, 27 ёшли Азиз Т.га бир дона “АЕ 2489763” рақамли 100 000 сўмлик купюрани 10 000 000 сўм пул маблағлари ясаб бериши учун беришган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Азиз Т. ушбу пулларни компьютер ёрдамида қалбакилаштириб ясаб берганидан сўнг Талантжон Т. бундан хабар топиб, улардан қалбаки 2 300 000 сўм пулларни олиб, Қўйлиқ бозорида сарфлаб юрган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. 

Талантжон Т. холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида ёнидан 14 дона “АЕ 2480763” рақамли 100 000 сўмлик купюралар топилиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Суд техника-криминалистика экспертизасининг хулосасида 14 дона 100 000 сўмлик “АЕ 2489763” рақамли пул купюралари полиграфик усулда тайёрлангани кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Азизбек Ж., Олимжон Х., Талантжон Т., Азиз Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми “в” банди (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов тамомланиб, айбланувчилар ҳимоячилари иштирокида иш ҳужжатлари билан таништирилган. Ҳозирда жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш учун Бектемир тумани прокуратурасига юборилган.