Дин ниқоби остидаги кушандалар

Дин ниқоби остидаги кушандалар

Бугун дунёда кўплаб бузғунчи оқимлap муқаддас Ислом динини ниқоб қилиб, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўқмоқдалар. Ҳозирги кунда дунёда 500 га яқин жангари экстремистик, фундаменталистик ва террорчи-қўпорувчилик ташкилотлар мавжуд бўлса, уларнинг тахминан саксон фоизи Ислом дини ниқоби остида фаолият юритади. Бу оқимларни бир сўз билан динбузарлар деб аташ мумкин. Улар ўзларига турли номларни қўйиб, диний шиорларни байроқ қилиб оладилар-у, лекин қилаётган ишлари динимизга мутлақо зиддир.

Асосий мақсади мусулмон дунёсини бирлаштирувчи ягона халифалик давлатини қуриш бўлган “Хизбут-таҳрир” ташкилоти жиҳодни тарғиб қилиш баробарида террорчи гуруҳлар учун “манқуртлаштирилган” жангарилар етказиб бермоқда.

Сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган “Салафийлик” оқимидагилар Қуръон оятларини сўзма-сўз талқин қилиб, оятларнинг мажозий маъноларини рад этадилар. Муҳаммад (Саллоллоҳу алайҳи васаллам) мавлудларини нишонлашга қарши, ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблайдилар. “Жиҳодчилар” вакиллари эса ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш, амалдаги дунёвий конституцион тузумни ағдариб, ислом амирлиги шаклидаги давлат қуриш учун террор ва қўпорувчиликни авж олдирадилар.  

“Нурчилар” Ислом дини асосларини бузаётган диний-фундаменталистик ташкилот. Ҳаракатнинг ҳозирдаги раҳнамоси Фатҳулла Гюленнинг: “Мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай ёлғон ва хийла ишлатиш мумкин, то қудратли бўлмагунча, маънавий жиҳод орқали ҳаракат қилиш лозим”, деган фикри улар ўз ниятларига етиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмасликларини кўрсатади.

Бошқа бузғунчи оқимларнинг мақсади ҳам, фаолияти ҳам динимиз кўрсатмаларига зид эканини ҳаёт тасдиқламоқда. Бузғунчи оқимлар дунё халқларига фақат ёмонлик, вайроналик ва мотам келтирмоқда. Улар айни кунда чет мамлакатларда ишлаётган ватандошларимиз орасига кириб, Ўзбекистондаги мавжуд янгиланишлар, ислоҳотлар билан боғлиқ; табиий муаммоларни бўрттириб кўрсатган ҳолда, уларнинг ечими ўзларининг қўлида эканини даъво қилмоқдалар. Аслида эса, улар кирган ҳудудлар жанггоҳларга айлангани барчага аён. “Ислом диёри” деб ном олган ҳудудларга назар солсак, 2009-2015 йиллар давомида Покистонда 18640, Афғонистонда 5400, Ироқда 23800, Сурияда эса қарийб 2 млн тинч аҳоли вакиллари террорчилик қурбони бўлган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик”дир, у одамларни ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган, ундамайди. Қуръони каримда бегуноҳ кишиларнинг жонига қасд қилиш қораланиб, жумладан, бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).

Айни ривожланаётган замонавий воқелик жангари экстремизм, халқаро терроризм сифат ва миқдор жиҳатидан жиддий ўсганини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида терроризмнинг глобал хавфсизликка қарши жиддий таҳдидга айланишига замин яратмоқда. Экстремистик ва террористик гуруҳлар глобаллашув жараёнлари ва йирик давлатлар орасидаги геосиёсий манфаатлар тўқнашувидан ҳамда фан-техника ютуқларидан фойдаланган ҳолда кенг кўламли фаолият олиб боришмоқда.

Муайян жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга мос келмайдиган, муросасизлик ва мутаассибликка асосланган ғоялар “экстремистик” ҳисобланади. Экстремистик ғоя ва ҳаракатлар барча динлар орасида кузатилади, ҳар қандай мутаассибликнинг энг ёмон томони – дин билан ниқобланганидир.

Бугунги кунда терроризм умумбашарий даражада жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган йирик гуруҳлардан иборат тизим сифатида шаклланганини, содда қилиб айтганда, халқаро терроризмга айланганини таъкидлаш лозим. Халқаро терроризм турли давлатлар ҳудудида мустақил фаолият юритаётган гуруҳларнинг диний, этник ёки мафкуравий асосда йирик уюшмаларга бирлашувлари асосида шаклланиб боради. Таъкидлаш жоизки, халқаро террорчилик ташкилотлари муайян давлат ҳудудида фаолият юритувчи экстремистик гуруҳлардан бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Жумладан, халқаро террорчилик ташкилотлари томонидан илгари сурилаётган сиёсий шиорлар, белгиланган мақсадлар ва амалга оширилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари хорижий давлат, икки ва ундан зиёд мамлакатлар ёки бутун бир минтақада беқарорликни келтириб чиқариш орқали сиёсий ҳокимиятни эгаллашга қаратилган бўлади. Юқорида номи зикр қилинган “Ислом фронти” уюшмаси аъзолари мусулмон давлатларда мавжуд тузумларни ағдариб, ягона Ислом давлати тузишни асосий мақсад қилишган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, табиийки, давлатга кириб-чиқишнинг халқаро қоидалари татбиқ қилина бошлади. Натижада, юртимизга яхшилар қатори маҳаллий анъаналаримизга зид бўлган турли ёт ғоялар ҳам кириб келди.

Шукур, давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бундай хавф илдиз отишининг олди олинди. Адашиб ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшларнинг фаол ижтимоий ҳаётга қайтишига имкониятлар яратилди. Бағрикенглик, кечиримлилик каби инсонпарвар ғояларга асосланган сиёсат натижасида ёшларимиз тўғри йўлга тушиб олдилар. Бироқ, экстремизм бир ҳудуд ёки минтақа доирасидаги муаммо эмас, унинг хавфи ҳамон мавжуд. Унга қарши курашиш халқаро даражадаги ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Экстремистик гуруҳлар ўзларининг разил ниятдаги ҳаракатларини пухта ва аниқ режа асосида амалга оширишини ҳаёт кўрсатди. Бундай хавфга нафақат тайёр туриш, балки олдини олиш учун мудом хушёрлик талаб этилади.

Зеро, давлат ва жамият барқарорлиги, халқ тинчлиги ва осойишталиги - Ватан тараққиётининг бош мезони ҳисобланади.