Ўзбекистонда Рамазон ойи 13 апрелда бошланади

Ўзбекистонда Рамазон ойи 13 апрелда бошланади

Шавкат Мирзиёев «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, муборак Рамазон ойининг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида, оила даврасида ўтказилиши учун зарур шароитлар яратилади.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолари томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2021 йилда Рамазон ойининг биринчи куни шу йил 13 апрель – сешанба кунига тўғри келиши ҳақида хулоса қилинган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда миллий анъана ва қадриятларга мос ва муносиб ҳолда ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширилиши кўзда тутилган.

«Жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни қадрлаш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, азалий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган тарғибот тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин», – дейилади президент қарорида.