Қашқадарёда ўқувчига икки баҳо қўйгани учун калтакланган ўқитувчи воқеаси юзасидан расмий муносабат билдирилди

Қашқадарёда ўқувчига икки баҳо қўйгани учун калтакланган ўқитувчи воқеаси юзасидан расмий муносабат билдирилди

Қашқадарёда мактаб директори ўринбосарининг ўғлига икки баҳо қўйган инглиз тили ўқитувчиси калтакланганди. Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 2021 йил 6 апрель куни Чироқчи туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, шу куни тумандаги 134-сонли умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Шохнур Оққўзиев ўзининг фанидан шу мактаб ўқувчиси М.О.га икки баҳо қўйгани сабабли, мактаб ўқувчиси М.О. ушбу ҳолатни акаси Х.Б.га айтган. Х.Б. шу куни соат 12:00 ларда иккита таниши билан мактабга келиб, инглиз тили фани ўқитувчиси Шохнур Оққўзиевнинг ҳаракатидан норози бўлиб, мактаб ҳудудида унга тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмидан белгиланган тартибда қайд этилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Наманганда замонавий клиника қуриш учун қишлоқ врачлик пункти биносини бўшатишни сўраган шахслар икки бемор томонидан калтаклангани, Сурхондарёда болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан бўшатилгани ҳамда Тошкентда маст эркак шифокор аёлни калтаклаб, жиддий жароҳат етказгани ҳақида хабар берилганди.