Жиззахда жорий йилнинг 1-чорак давомида солиқ ходимлари кўмаги билан 1549 та тадбиркорлик субъектлари янгитдан ташкил этилди

Жиззахда жорий йилнинг 1-чорак давомида солиқ ходимлари кўмаги билан 1549 та тадбиркорлик субъектлари янгитдан ташкил этилди

Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари фаолияти ўрганилиб, муаммолари ечими юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Солиқ ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш, дастлабки бухгалтерия ҳужжатларини юритишга кўмаклашиш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ташкил этилган брифингда Вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шуъбаси давлат солиқ бош инспектори Гулчеҳра Урдушева маълумот берди.

       
Жумладан, солиқ идоралари “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойилига асосида иш олиб бориши ҳар қачонгидан долзарб вазифага айланмоқда. Эндиликда солиқ идораси ходимлари тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмакчи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Солиқ ходимлари томонидан вилоятимиз бўйича фаолиятини тўхтатган 3624 та корхонанинг муаммолари ва сабаблари ўрганилиб улар билан ўтказилган суҳбатлар давомида 271 нафар тадбиркорлар фаолиятини қайта тиклаш истагини билдирган ва тадбиркорлик фаолияти тикланди.
Бундан ташқари жорий йилнинг 1-чораги даврида 1549 та янги ташкил топган тадбиркорлик субъектлари билан соҳа ходимлари бирма-бир учрашдилар. Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан атрофлича танишиб, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар хусусида тушунча бериб, уларга имтиёзлардан фойдаланиш тартиби, ҳисоботларни хатосиз топшириш бўйича тавсиялар бериб келишмоқда. Учрашувлар давомида тадбиркорлик субъектларининг турли масалалар борасидаги муаммолари ечим топган бўлса, жорий йилнинг апрель ойида солиқ ходимлари томонидан 14 нафар тадбиркорлик субъектларига жами 1756,0 млн сўм кредит маблағлари олиш учун хизмат кўрсатувчи банкларга ҳужжатлари топширилган бўлиб, ҳозирда 9 та тадбиркорлик субъектларининг 866,0 млн сўмлик кредит маблағлари олиб берилишига кўмак кўрсатилди ва уларнинг фаолиятларини янада кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Шуни айтиш керакки, бугунги кунда электрон хизматлар яхши ривожланган. Давлат солиқ хизмати органларининг my.soliq.uz сайтида очиқ маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик субъектларининг қачон ташкил этилганлиги, қўшилган қиймат солиғи тўловчими ёки йўқлиги, солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ва бошқа кўплаб маълумотларни олиши мумкин.

Эътиборсизлик билан, контрагентлар маълумотларини ўрганмай, улар билан иқтисодий алоқаларга киришганда, солиқлар контрагент томонидан тўланмаган ҳолатда тадбиркорлар ўзлари солиқларни тўлашга мажбур бўлади. Агар контрагентлар ҳақида маълумотларни олишда қандайдир муаммога дуч келса, вилоят давлат солиқ органларига мурожаат қилиб, барча маълумотларни олишлари мумкин.
Тарғибот тадбирлари тадбиркорлик субъектларида бухгалтерия ҳисобини юритиш, солиқ ҳисоботларини топширишда тушунмовчиликларни олдини олиши билан аҳамиятли. Шунингдек, давлат бюджетига солиқ тушумларини ўз вақтида тўланишига замин яратади.
Бундан ташқари ДСҚнинг "Тадбиркор ва Солиқчи" Telegram-гуруҳи очилиб, унга 4 308та тадбиркорлик субъекти аъзо бўлган ва тадбиркорлик субъектларидан уларнинг фаолиятидаги тушунмовчиликлар ва ечимини топишда қийнаётган масалалар юзасидан келиб тушган саволларга тезкорлик билан жавоб берилмоқда.
Бу солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолият олиб боришига ҳисса қўшади.