Дунё қаримоқда: Ўзбекистон нима қилиши керак?

Дунё қаримоқда: Ўзбекистон нима қилиши керак?

Италияда туғруқхоналар ёпиляпти; жануби-шарқий Хитойда арвоҳ шаҳарлар пайдо бўлмоқда; Жанубий Кореяда университетлар талаба топишга қийналяпти; Германияда эса юз минглаб уйлар бузилиб, ўрнига парклар қурилган, деб ёзмоқда "New York Times" газетаси. Чунки аҳоли сони камайиб бормоқда.

Деярли барча давлатларда ўсиш секинлашган. Глобал демографик ўзгаришларни тахмин қилувчи моделларга кўра, аср ўрталарига бориб тарихда илк бор инсоният сони қисқаришга юз тутиши мумкин. 2100 йилда эса аҳоли сони бўйича Нигерия Хитойдан ўтиб кетади.

Ривожланган дунёда туғиш даражаси энг паст кўрсаткич Жанубий Кореяда. Бу ерда битта аёлга 0,92 та бола тўғри келмоқда. Яъни, юзта аёлдан 92 та бола қолмоқда. Уларнинг камида саккизтаси умри давомида умуман туғмаяпти, дейиш ҳам мумкин. Мамлакатда 18 ёшлилар сони 1992 йилда 900 000 та бўлган; ҳозир эса 500 000 та. 30 йил ичида 45 фоиз камайиш!

Италияда ҳам аҳвол оғир. Капракотта шаҳарчасида XVIII асрда қурилган бир кўҳна бино пештоқига "Болалар боғчаси" деб ёзиб қўйилган; чунки ҳақиқатда бу ер бир пайтлар ёш болалар мактаби бўлган. Ҳозир эса ундан қариялар уйи сифатида фойдаланишмоқда. 5000 киши яшаган шаҳарчада ҳозир бор-йўги 800 одам истиқомат қилади; аксарияти кексалар.

Хитойнинг қарийб 1,5 миллиардлик аҳолиси аср охирига бориб 730 миллионга тушиши кутиляпти. Хеган шаҳрида 55 кв. метрлик бир хонали квартирани $3000 га сотиб олиш мумкин. Чунки оладиган одам йўқ.

Японияда тагликлар (памперс) чақалоқлардан кўра кексалар учун кўпроқ сотилмоқда. 

Aҳоли сонининг қисқариши нега хатарли?

Замонавий иқтисодиётда қисқариш у ёқда турсин, турғунлик (бир жойда қотиб қолиш) ҳам яхши хабар эмас. Иқтисодиёт доим кенгайиб бориши керак. 

Ҳар доим барқарор иқтисодий тараққиёт драйвери сифатида ёшлар кўрилади. Ёш авлод иқтисодиётдаги бўш иш ўринларини тўлдириб, иқтисодиётга янги истеъмолчилар сифатида қўшилиб, ялпи ички маҳсулот миқдорини муттасил ошириб боради. Бу драйвернинг чўғи пасайса, салбий оқибатлари узоқ муддатда жуда аянчли бўлади.

Масалан, мамлакат ўз ресурсларининг асосий қисмини ишламайдиган авлод - кексаларни парваришлаш учун сарфлашига тўғри келади. Бу эса, агар ўнгланмаса, бориб-бориб давлатларнинг бутунлай таназзулига олиб бориши мумкин.

Ўзбекистон учун бу муаммо долзарбми?

Ўзбекистонда туғилиш суръати паст эмас. Aҳоли демографик жиҳатдан жуда ёш: жами аҳолининг 34 фоизини 14 ёшга тўлмаганлар ташкил этади. 

Мамлакатда ҳар бир аёлга 2,42 та бола тўғри келмоқда. Бу дегани, ҳар 100 та аёл ўзидан 242 та фарзанд қолдирмоқда. Бу, албатта, яхши кўрсаткиш. Aгар бир аёл учун тўғри келадиган кўрсаткич 2 дан пастга тушса, бу биз учун огоҳлантирувчи сигнал бўлиши керак.

Унутмайлик, фарзандни аёл туғади. Битта аёл иккита фарзанд туққан тақдирда ҳам, у аҳолининг кўпайишига ҳисса қўшмаяпти, балки аҳолининг камаймаслигини таъминлаяпти, холос. Чунки иккита фарзанд иккита ота-онанинг ўрнини эгаллайди, фақат учинчи фарзандгина аҳолининг кўпайишига ҳисса қўшиши мумкин. БМТ ҳисобига кўра, бир аёлга 2,1 та бола тўғри келгандагина аҳоли ўсиши юз беради. Мамлакатда ўлим даражаси юқори бўлса, туғруқлар сони бундан ҳам баланд бўлиши керак.

Иқтисодиётдаги исталган муаммога ечим топиш мумкин, лекин демографик муаммога, яъни кексаяётган аҳолини ёшартириш масаласига ечим топиш деярли имконсиз.

Хитойда аҳоли сонини мувозанатда ушлаб туриш учун узоқ йиллар оилада биттадан ортиқ фарзанд кўриш тақиқланган эди. Ҳозир бу сиёсатдан воз кечган, аммо энди кеч. Чунки Хитой аҳолиси тез кексаймоқда. Ёшлар фарзанд туғишни хоҳламаяпти.

Шундай экан, ҳукумат аҳолининг кўпайишини давлат ресурслари учун ортиқча босим ва харажат сифатида кўрмаслиги керак. Aксинча, бу бойликни асраб-авайлаш ва янада кўпайтириш лозим.