Жиззах ва Самарқанд судьялари тажриба алмашишди

Жиззах ва Самарқанд судьялари тажриба алмашишди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан  2021 йил 9 мартдаги “Республика судлари раислари, судьялари ва ходимлари иштирокида 2021 йил 27 февраль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган Олий суд Раёсати йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Йўл харита”нинг 132-банди ижроси юзасидан Жиззах ҳамда Самарқанд вилоятлари фуқаролик ишлари бўйича судьялари иштирокида никоҳдан ажратиш ва уй-жой низолари билан боғлиқ ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсадида видеоконференцалоқа режимида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда судлар амалиётида учраётган муаммолар, уларнинг олдини олиш ҳамда никоҳдан ажратишда тарафларни яраштириш борасида амалга оширилаётган чоралар ва оиланинг батамом бузилганлиги ҳолатларида никоҳдан ажрашишга асос бўладиган ҳолатлар юзасидан суд амалиётида учраётган мисоллар келтириб ўтилди.

Шунингдек, уй-жой низолари билан боғлиқ ишларни, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер низоларида компенсация ундириш, уй-жойга киритиш ва уй-жойдан кўчириш билан боғлиқ ишларни кўришда ҳар икки ҳудудда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимларини топишда қонунчилик нормаларини татбиқ этиш амалиётлари бўйича фикр алмашилди.

Йиғилиш жонли тарзда, мунозаралар билан ўтди. Унда узоқ муддат давомида судья бўлиб ишлаб келаётган устозлар никоҳ, уй-жой низолари билан боғлиқ суд амалиёти юзасидан ўз фикрларини ўртоқлашди ва тадбир савол-жавоблар билан давом этиб, ёш судьяларга ўзларининг тавсияларини бердилар. Судьяликка илк бор тайинланган судьялар ҳам иш фаолиятлари учун тажрибалар орттиришди. Келгусида вилоят судлари томонидан суд амалиётидаги бошқа тоифадаги ишлар ва долзарб масалалар бўйича ҳам тажриба алмашиш мақсадида бундай тадбирларни давом эттириш келишиб олинди.