Мутахассис техпаспортни алмаштириш тартибига ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда

Мутахассис техпаспортни алмаштириш тартибига ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда

 Таниқли блогер ва рақамли хавфсизлик бўйича мутахассис Шухрат Қурбонов (Kurbanoff.net) автомобиль техпаспортини алмаштириш тартибига ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, айни пайтда мазкур жараён кишини овора қилиш, асабларини таранглаштириш ва пул олиш учун ташкил қилинган холос.  

“Мен техпаспортни алмаштириш тартибини ўзгартириш ҳакида кўп ёзганман. Айниқса бу жараёни ўта мураккаб ва чалкашлигини таъкидлаганман. Бунинг сабаби балким    бу жойларда ўртакашлик қилаётган   “ишбилармонлар”ни ишсиз қолдирмаслик учундир”, - дея ёзмоқда у ўзининг Телеграм-каналида.

Мутахассис юзага келган вазиятни ўзгартириш учун бир қатор таклифларни илгари сурмоқда:

  • Ҳужжатларни алмаштириш муддатини узайтириш;

  • Алмаштириш тартибини соддалаштириш лозим. Яъни, бор,   ҳужжатни бер, пулини тўла ва алмаштириб кетавер. Агар одам етмаса, уларни кўпайтиринг. Кейин, ЙҲХБ ўз базасини   ўзи тартибга солиши керак, хусусан,   техпаспорт масаласида ҳам. 1 сентябрга қадар техник кўрикдан ўтмаганлар ЙҲХБ базасига киритилмаганлиги ҳайдовчиларнинг муаммоси эмас. Бу билан ЙҲХБнинг боши қотиши керак;

  • Алмаштириш тартибида кераксиз қоғозбозликдан воз кечинг – ҳужжатлар нусхасини сўрашни бас қилинг;

  • Онлайн тўловларни жорий қилиш керак.   Турли пуллик бланклар ва тушунарсиз ҳисоб-рақамлар кимга керак? CLICK, PAYME каби ўнлаб    тўлов иловалари бу хизматни ўзида жорий қилишга тайёр.

  • Қолаверса, базанинг ишламаслиги ва карточкаларнинг тугаганлиги ҳам ҳайдовчининг муаммоси эмас. Ҳар-бир муаммонинг ўз эгаси бор. Айни ҳолатда   ЙҲХБ буни олдиндан ўйлаб қўйиши керак.

“Энг яхшиси, бу хизматни ҳам Давлат хизматлари агентлигига топшириш керак. Ҳайдовчилик гувоҳномаси билан боғлиқ масалани улар жуда самарали ташкил қилиб, қанчадан қанча асабларни сақлаб қолишди. Илгари “права” учун ЙҲХБга борганингизни бир эсланг..”- дея якунлади у.